Куала-Лумпур шаҳридаги ишбилармонлик дастурининг давомида 5 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев ва Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим Petronas корпорациясининг бош қароргоҳи — Twin Towers биносига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Етакчилар у ерда Petronas президенти Муҳаммад Тавфиқ билан учрашув ўтказди. Нефть-газ, нефть-кимё ва қайта тикланувчи энергетика соҳаларида етакчилардан бири бўлган ушбу глобал компания билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

petronas, малайзия, президент, президент ташрифи

Шавкат Мирзиёев хомашёни чуқур қайта ишлаш ва «яшил» энергетика лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги истиқболли режаларни қўллаб-қувватлади.

Хусусан, геология-қидирув ишларини олиб бориш ва истиқболли углеводород конларини ўзлаштириш, карбонат ангидрид газини ушлаб қолиш ва сақлаш бўйича илғор технологияларни жорий этиш, Petronas университети негизида юқори малакали кадрлар тайёрлаш устувор вазифалар сифатида қайд этилди.

Petronas — Малайзиянинг 1974 йилда ташкил этилган миллий нефть ва газ компанияси. У дунёнинг етакчи энергетика корхоналаридан бири саналади. Компания нефть ва газ қазиб олиш, қайта ишлаш, транспорт ва сотиш билан шуғулланади.

2024 йил май ойида инвестициялар вазири Лазиз Кудратов компания Ўзбекистонда газни қайта ишлаш бўйича иккита йирик лойиҳани амалга оширишда иштирок этишини маълум қилганди.

2013 йил ўрталарида Малайзия компанияси Сурхондарё вилоятидаги Бойсун инвестицион блокидаги конларни қидириш ва ўзлаштириш бўйича маҳсулот тақсимоти ва ва Устюрт ҳудудининг Урга, Қуаниш ва Ақчалак гуруҳини ривожлантириш бўйича келишувдан чиқиш қарори ҳақида хабар берганди (лойиҳа ҳозирда Surhan Gas Chemical Operating Company томонидан амалга оширилмоқда). 2014 йилда компания Ўзбекистондаги ваколатхонасини ёпган.

2009 йилда компания синтетик ёнилғи ишлаб чиқариш заводини (Uzbekistan GTL) қуриш лойиҳасини амалга оширган, бироқ 2011 йил июнь ойида қўшма корхонадаги улушини 33,3 фоиздан 11 фоизга камайтирган, кейин эса бошқа инвесторлар билан биргаликда иқтисодий мақсадга мувофиқ эмаслиги сабабли лойиҳа таркибидан чиққан.