Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги тузилмалари 3−4 февраль кунлари мамлакат бўйлаб «Қорадори» кенг кўламли тадбирларининг дастлабки босқичини ўтказди, деб хабар берди ДХХ матбуот хизмати.
Гиёҳвандлик ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласини чеклаш мақсадида 653 та махсус тадбир ўтказилган. Тадбирлар давомида 112 кг 257 гр гиёҳвандлик воситалари (героин, опий, гашиш ва синтетик гиёҳвандлик воситалари), 8601 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинди. Шунингдек, ноқонуний муомаладан олинган 287 минг 460 АҚШ доллари ва 569 миллион сўм далилий ашё сифатида расмийлаштирилди.
222 та жиноят иши қўзғатилиб, 228 нафар шахс жиноий жавобгарликка, 64 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланди. Қидирувда бўлган 47 нафар шахс ушланди. Шунингдек, 357 нафар шахс билан профилактик суҳбат ўтказилиб, 231 нафари расмий огоҳлантирилди.
Қайд этилишича, тадбирлар давомида 175 та «тиғ», 58 та «бита», 24 та «кастет» ва 77 та қурол мусодара қилинган.