Самарқанд нони географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатига киритилди, дея хабар қилмоқда Адлия вазирлиги.
4 февраль куни рўйхатга олинганлик гувоҳномасини адлия вазири Акбар Тошқулов Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоевга топширди.
«Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги қонунга кўра, товарни муайян географик объект ҳудудидан келиб чиққан товар сифатида идентификацияловчи белги географик кўрсаткич деб эътироф этилади. Унда товарнинг сифати, ном қозонганлиги ёки бошқа хусусиятлари унинг географик жиҳатдан келиб чиқишига сезиларли даражада боғлиқ бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил август ойида Бухоронинг Ғиждувон кабоби географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтганди (патентланганди).
Географик кўрсаткичларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органи Адлия вазирлиги ҳисобланади. Рўйхатга олинган географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар томонидан фойдаланиш ноқонуний ҳисобланади.