Президент Шавкат Мирзиёевнинг Малайзияга ташрифи доирасида икки мамлакат иқтисодий ҳамкорлигининг асосий устувор йўналишлари белгилаб олинди, деб ёзди ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Telegram каналида.

ТИВ раҳбарига кўра, етакчилар сўнгги йилларда ўзаро савдо, инвестиция ва қўшма корхоналар ҳажми сезиларли даражада ошганини таъкидлаган. Учрашувларда Малайзия компаниялари, жумладан, юқори технологиялар, нефть-кимё ва яшил энергия каби янги лойиҳаларнинг мустаҳкам портфели шакллантирилган.

«Сунъий интеллект, рақамлаштириш, „яшил“ энергетика, туризм ва „ақлли“ шаҳарлар иқтисодий ҳамкорликнинг асосий устувор йўналишларидир», — қайд этди Бахтиёр Саидов.

2025−2026 йиллар, вазир сўзларига кўра, Ўзбекистон-Малайзия шериклигининг инновацион ривожлантириш даври деб эълон қилинган.

Мамлакат раҳбарлари 2030 йилга бориб ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 баробарга, инвестиция портфелини эса 10 миллиард долларга етказишни режа қилган.

Саидов, шунингдек, музокаралар якунида Стратегик шериклик йўлида икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёнот имзолангани, хусусан, олий таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва академик-дипломатик ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланганини қайд этди.

Бундан ташқари, «ақлли» шаҳарларни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома ва 2025−2026 йилларда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги шерикликни чуқурлаштириш бўйича қўшма режа тасдиқланди.

Шунинг билан Ўзбекистон раҳбарининг Малайзияга ташрифи якунланди. Аэропортда меҳмонни таълим вазири Замбри Абдулқодир ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди. Шавкат Мирзиёев Тошкентга жўнаб кетди.