Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида 2025 йилнинг 4−6 апрель кунлари илк бор Орол маданият саммити ўтказилади, деб хабар берди лойиҳа ташаббускори Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.
Жамғарманинг таъкидлашича, саммит «Оролбўйи минтақасини санъат, маданият, дизайн ва илм-фан орқали ижтимоий ва экологик жиҳатдан ўзгартиришга қаратилган».
Саммит ҳар 18 ойда бир маротаба ўтказилади ва Қорақалпоғистоннинг барқарор ривожланиши учун экологик, ижтимоий ва маданий ечимларни топиш учун маҳаллий ва халқаро фаоллар, рассом ва олимларни бирлаштиради.
Эслатиб ўтамиз, лойиҳа ҳақида биринчи марта 2023 йил март ойида БМТнинг сув ресурслари бўйича конференциясида сўзга чиққан президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева хабар берганди. У саммитни тақдим этаркан, «санъат, дизайн ва маданият Оролбўйидаги муаммолардан хабардорликни оширишда ҳал қилувчи роль ўйнаши мумкин», — деганди у.