Ўзбекистон ва Малайзия муҳим минераллар соҳасида лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди. Бу ҳақда 5 февраль куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Малайзия иқтисодиётлари бир-бирини тўлдиради, бу электроника ва яримўтказгичлар соҳасида саноат кооперацияси учун имкониятлар очади.
Вазирлик раҳбари Ўзбекистон муҳим минераллар ва ресурсларнинг улкан захираларига эга эканлигини таъкидлади, бу эса «саноатни ривожлантиришнинг янги босқичига ўтиш, яримўтказгичлар учун компонентлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш» имконини беради.
«Биз Малайзиянинг учта етакчи ўйинчилари билан юқори тозаликдаги монокристалл ва поликристалл кремний, шунингдек, ўта тоза графит ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни яратишни назарда тутувчи келишувларга эришдик. Охиргиси нафақат яримўтказгичлар саноатида, балки ядро энергетикасида, космик соҳада ҳам қўлланилади,» — деди у.
Малайзия компаниялари билан ҳамкорлик Ўзбекистон иқтисодиёти ва маҳаллий корхоналарни ривожлантиришнинг янги босқичига олиб чиқади, деди вазир.
Малайзиялик ҳамкорлар яримўтказгичлар ишлаб чиқариш соҳасида ўзбекистонлик мутахассислар учун ҳам назарий, ҳам амалий таълимни ўз ичига олган алоҳида малака ошириш дастурини ишга туширади.
«Иккинчи муҳим йўналиш — бу кимё. Малайзиянинг етакчи компаниялари билан биргаликда қурилиш материаллари, бўёқлар, фармацевтика маҳсулотлари каби муҳим тармоқлар учун муҳим бўлган кимё ва компонентлар ишлаб чиқариш бўйича янги корхоналар ташкил этмоқдамиз, янги ишбилармонлик ташаббусларини бошламоқдамиз. Малайзия биз билан технологияларни баҳам кўради ва мамлакатимизда ушбу йўналишларга сармоя киритади», — деди Лазиз Қудратов.
Томонлар автомобилсозлик, озиқ-овқат хавфсизлиги ва озиқ-овқат саноати соҳаларида ҳам ҳамкорлик қилиш ниятида.
Ўзбекистон ва Малайзия барча лойиҳаларнинг амалга оширилиш ҳолатини онлайн кузатиб бориш имконини берувчи қўшма платформа яратишни режалаштирмоқда. Ҳар чоракда икки давлат раҳбарларига эришилган келишувлар ва лойиҳалар ижросининг бориши тўғрисида ахборот берилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги энг йирик графит конларидан бири Бухоро вилоятининг Пешку туманида жойлашган Тасказган конидир. Ушбу кондаги графит захиралари 6,2 млн тонна, прогноз ресурслари эса 40 млн тонна атрофида баҳоланмоқда.
Малайзиялик тадбиркорлар учун Тошкент вилоятида барча имтиёзларга эга махсус иқтисодий зона ташкил этилди. Уларни Ўзбекистонга сармоя киритишга чақириб, ҳар бир лойиҳа бўйича алоҳида ҳукумат қарори қабул қилинишини таъкидлади.