ФАО Ўзбекистоннинг пестицидлар таҳлили бўйича лаборатория салоҳиятини кучайтиришни мақсад қилмоқда. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон лабораторияларининг пестицидлар таҳлили борасидаги имкониятларини ошириш учун миллий семинар ўтказди. Бу ташаббус Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган «Хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқариш бўйича техник кўмак» лойиҳаси доирасида амалга оширилди.
Семинарда давлат ва хусусий лабораториялар вакиллари иштирок этиб, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган кимёвий таҳлил ва мониторинг тизимларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Тадбирда лабораторияларни модернизация қилиш, кадрлар тайёрлаш ва идоралараро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
ФАОнинг бош техник маслаҳатчиси Стивен Робинсоннинг таъкидлашича, лабораториялар инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва пестицидларни бошқариш тизимини модернизация қилиш мамлакатнинг аналитик имкониятларини сезиларли даражада ошириш имконини беради.
«Ўзбекистон пестицидларни бошқариш тизимини модернизация қилишнинг муҳим босқичида. Энг мустаҳкам пойдеворга эга институтларни аниқлаш ва уларга сармоя киритиш орқали фермерлар, бозорлар ва мувофиқлаштирувчи органларни боғловчи самарали тизимни яратишимиз мумкин», — дея таъкидлади Робинсон.
Халқаро лаборатория аккредитацияси бўйича маслаҳатчи Упали Самаражива эса замонавий стандартларга мос лаборатория тизимини яратиш заруратига эътибор қаратди: «Халқаро лаборатория аккредитациясига ўтиш Ўзбекистонда пестицидлар таҳлилига ёндашувни тизимли равишда ўзгартиришни талаб қилади. ISO/IES 17025:2017 стандарти бўйича аккредитация синовдан ўтган методларни ишлаб чиқиш ва сифатни қатъий назорат қилишни ўз ичига олади», — деди у.
ФАО томонидан ўтказилган баҳолаш жараёнида Ўзбекистон лабораториялари тармоғи мавжуд бўлса-да, улар муҳим операцион ва стратегик муаммоларга дуч келаётгани аниқланди. Кўплаб лабораториялар молиявий ва операцион чекловлар сабаб халқаро стандартларга жавоб бера олмайди. Шу билан бирга, давлат, хусусий ва академик лабораториялар ўртасида рақобат мавжудлиги ҳамкорликни кучайтиришга тўсқинлик қилмоқда.
Лойиҳанинг миллий координатори Элмурод Назаровнинг сўзларига кўра, лаборатория фаолиятини ривожлантириш учун барча манфаатдор томонларнинг интеграциялашуви муҳимдир. «Ўзбекистонда пестицидларни самарали бошқариш бутун институционал тузилма бўйлаб тўхтовсиз мувофиқлаштиришни талаб қилади. Ушбу алоқаларни мустаҳкамлаш орқали биз инсон ҳаётини ва атроф-муҳитни ҳимоя қилишга хизмат қиладиган тизим қуришимиз мумкин», — деди у.
Семинар иштирокчилар ФАО томонидан 2024 йил сўнгида ўтказилган базавий баҳолаш жараёни билан боғлиқ масалаларни кўтардилар. Баҳолаш жараёнида озиқ-овқат ва атроф-муҳитдаги пестицидлар, ўғитлар ва қолдиқларни таҳлил қила оладиган лабораториялар ўрганилган эди. Ушбу баҳолаш Халқаро Савдо Марказининг (ITC) лабораторияларни аккредитация қилиш бўйича олиб бораётган ишлари билан биргаликда Ўзбекистонда лаборатория салоҳиятини ошириш бўйича стратегик йўл харитасини ишлаб чиқиш учун қимматли маълумот билан таъминлайди.
Лаборатория операцияларини ўзгартириш бўйича тавсиялар, жумладан, операцион харажатларни ҳисобга оладиган барқарор бизнес моделларини ишлаб чиқиш, инсон ресурсларини рағбатлантириш (кадрларни тайёрлаш) ва инфратузилмани такомиллаштириш ҳам семинарнинг асосий мавзуси бўлди.
Ташаббус эскирган стандартлардан халқаро миқёсда тан олинган методологияларга ўтиш, «Мақбул лаборатория амалиёти» (Good Laboratory Practice) ва 5 Batch Analysis (сифат назорати ва таркибий таҳлил бўлиб, пестицидларнинг 5 та партиясини алоҳида-алоҳида таҳлил қилишни назарда тутади) стандартларини жорий этишга ёрдам беради. Асосий эътибор илмий йўналишни сақлаб қолган ҳолда аграр соҳада фаолият олиб борувчилар учун аниқланган натижаларни тўғри талқин қилиш тизимларини ишлаб чиқишга қаратилган.
ФАО вакиллари лабораторияларни модернизация қилиш бўйича техник кўмак бериш ва ушбу тизимни Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида муваффақиятли жорий этиш учун ўз саъй-ҳаракатларини давом эттиришини билдирди.