6 февраль куни Тошкентда Ўзбекистон ва Швейцария мамлакат биринчи президентининг қизи Гулнора Каримованинг мусодара қилинган активларини тақсимлаш бўйича келишув имзолади.
Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, ҳужжатни адлия вазири Акбар Тошқулов ва Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси Константин Оболенский имзолади. Келишув доирасида Ўзбекистонга тахминан 182 млн доллар қайтарилади.
«Мазкур маблағлар Ўзбекистоннинг айрим фуқаролари томонидан ноқонуний орттирилган бўлиб, 2012 йилда Швейцария Бош прокуратураси томонидан Каримовага нисбатан қўзғатилган жиноят иш юритуви доирасида тўлақонли мусодара қилинган эди», — дейилади хабарда.
Маблағ Ўзбекистонга Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Uzbekistan Vision 2030 кўп шериклик траст жамғармаси орқали қайтарилади.
2022 йил 16 август куни Берн шаҳрида мамлакатлар ўртасида Ўзбекистон аҳолиси манфаатлари йўлида мусодара қилинган ноқонуний йўл билан олинган активларни қайтариш бўйича келишув имзоланганди.
Битим тахминан 131 млн доллар миқдоридаги маблағлар Ўзбекистонга қайтарилишини назарда тутарди. Янги битим имзоланиши билан Ўзбекистон аҳолисининг манфаатлари йўлида қайтарилган маблағларнинг жами миқдори 313 млн долларга етади.
Uzbekistan Vision 2030 жамғармаси орқали қайтариладиган маблағлар Ўзбекистон аҳолиси манфаатларини кўзлаб ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларга, хусусан, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига йўналтирилиши таъкидланган. 2023 йил сентабрь ойида фонд Ўзбекистонда олдини олиш мумкин бўлган оналар ва янги туғилган чақалоқлар ўлимини камайтиришга қаратилган БМТнинг янги дастурини молиялаштириш учун 43,5 млн доллар ажратган.
Жамғарма ва унинг лойиҳалари ҳақида маълумот фонднинг ishonch.org сайтида мавжуд.
Гулнора Каримова ва у бошқарган жиноий гуруҳга алоқадор Франция, АҚШ, Латвия ва бошқа мамлакатлардаги активларининг умумий миқдори қарийб 1,4 млрд доллар ёки 15 триллион сўмга баҳоланади. Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов 2022 йилда бу маблағга 1400 та мактаб қуриш мумкинлигини таъкидлаганди.
Гулнора Каримовага нисбатан 2015 йилда 5 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган, кейинроқ — 2019 йилда у колонияга ўтказилган. 2020 йил март ойида у «давлат маблағларини ўзлаштириш ва Ўзбекистон манфаатларига зид битимлар тузиш, шунингдек, ўта йирик миқдорда товламачилик йўли билан бировнинг мулкини тортиб олиш» учун яна 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этилганди.