Исроил БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашидан (ИҲК) чиқишини эълон қилди, бир кун аввал АҚШ ҳам шундай қарорга келганди. Бу ҳақда мамлакат ТИВ раҳбари Гидеон Саар ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
Саарнинг ёзишича, Исроил АҚШ президенти Дональд Трампнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ишида иштирок этмаслик қарорини олқишлайди. «БMT ИҲК анъанавий равишда инсон ҳуқуқларини бузувчиларни ҳимоя қилади, уларга синчковлик билан ўрганишдан яширинишга имкон беради ва бунинг ўрнига Яқин Шарқдаги ягона демократия — Исроилни қоралайди. Исроил ортиқ бундай камситишларни қабул қилмайди!» — деди Саар.
Унинг сўзларига кўра, Исроил 100 дан ортиқ қораловчи резолюцияларга дучор бўлган. Бу кенгаш томонидан қабул қилинган барча резолюцияларнинг 20 фоиздан ортиғини ташкил этади ва Эрон, Куба, Шимолий Корея ва Венесуэлага нисбатан қабул қилинган резолюциялардан ҳам кўпроқдир, дея аниқлик киритди Саар. Аввалроқ Исроил ҳукумати БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши фаолиятини бир неча бор танқид қилган, мамлакат бош вазири Биньямин Нетаньяҳу эса кенгашнинг резолюцияларидан биридан кейин ташкилотнинг «Исроилга қарши жазаваси борлиги» ҳақида ёзган.
4 февраль куни АҚШ президенти Дональд Трамп БМТ ИҲК таркибидан чиқиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш — БМТ тизимидаги ҳукуматлараро орган бўлиб, унинг таркибига 47 та давлат киради. У 2006 йилда БМТ Бош ассамблеяси томонидан «бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилишга кўмаклашиш» мақсадида ташкил этилган. Ўша пайтда АҚШ президенти кичик Жорж Буш эди, аммо мамлакат кенгашга 2009 йилга келиб — Барак Обама даврида қўшилган.