ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ДИИҲБ) Тожикистонда 2 март куни бўлиб ўтадиган парламент сайловларини кузатувчи миссиясини мамлакат ҳукумати томонидан кафолат йўқлиги сабабли бекор қилди. Бу ҳақда ташкилот сайтида хабар берилди.

«Тожикистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловларини кузатишимиз энди имконсиз эканидан чуқур афсусдамиз. Аммо кузатувчиларимиз сайлов кунига бир ойдан камроқ вақт қолганида ўз вазифаларини бажара олиши учун расмий кафолатларнинг йўқлиги кузатувдан бош тортишимизни муқаррар қилди», — деди ДИИҲБ директори Мария Телалян.

ДИИҲБ 22 январь куни кузатув миссиясини очганди, бироқ Душанбеда жойлашган экспертлар гуруҳи ишни бошлай олмади. «ДИИҲБ экспертлари ва халқаро кузатувчилар сайловни кузатиш учун зарур бўлган аккредитацияни олишлари тўғрисида кафолатларнинг йўқлиги муаммога ойдинлик киритишга бўлган кўплаб уринишлар ва расмийлардан расмий жавоб бериш муддатининг узайтирилиши ортидан содир бўлди», — дейилади баёнотда.

Ташкилотнинг қайд этишича, ДИИҲБ сайловни кузатиш бўйича миссияларни давлатлар таклифига биноан жўнатади ва мезбон ҳукуматлар уларнинг «самарали ва тўсқинликсиз ишлаши» учун шарт-шароитларни таъминлаши керак. «Аккредитация билан боғлиқ давом этаётган ноаниқлик жараённинг яхлитлигини бузади», — дейилади баёнотда.

ДИИҲБ миссияси таркибига Тожикистон пойтахтидаги 11 нафар халқаро эксперт ва 29 январдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб жойлаштирилиши режалаштирилган 22 нафар узоқ муддатли кузатувчи киритилганди. Бюро, шунингдек, сайловга бир неча кун қолганда 150 нафар қисқа муддатли кузатувчи келишини сўрашни режалаштирганди.

Кузатув якунлари бўйича миссия анъанавий тарзда сайлов жараёнини баҳолаш ва эксперт тавсияларидан иборат оралиқ ва якуний ҳисоботни эълон қилади.