Панама ҳукумати АҚШ Давлат департаментининг мамлакат Қўшма Штатлар ҳукуматига тегишли кемалар учун Панама канали орқали ўтиш тўловини бекор қилишга рози бўлгани ҳақидаги баёнотини рад этди, деб ёзмоқда CNN.

«Каналдан ўтиш учун божлар ва бошқа тўловларни белгилаш ваколатига эга бўлган Панама канали маъмурияти [АҚШ кемалари учун] ҳеч қандай тузатишлар киритмаганини маълум қилади», — дея баёнот берди маъмурият ва АҚШ билан мулоқотга тайёрлигини қўшимча қилди.

АҚШ Давлат департаменти 5 февраль куни «АҚШ ҳукумати кемалари энди Панама канали орқали тўловсиз ўтиши мумкин»лигини билдирганди. «Бу АҚШ ҳукуматига йилига миллионлаб доллар тежаш имконини беради», — дейилади департаментнинг Х ижтимоий тармоғидаги баёнотида.

Президент Дональд Трамп лавозимга киришишидан олдин ҳам Панама раҳбариятини Панама канали орқали ўтиш учун Америка кемаларидан «кўпроқ пул олмоқда» деб айблаганди. «Панама канали мамлакатимиз учун жуда муҳим. Уни Хитой бошқаради. Хитой. Панама каналини Панамага бердик, Хитойга бермадик. Ва улар буни суиистеъмол қилишди», — деганди Трамп.

Ўтган якшанба куни Трамп яна бир бор Панама каналини АҚШ назоратига «қайтаришга» ваъда бериб, Америка томонидан «кучли» ҳаракатлар билан таҳдид қилди.

«Хитой Хитойга берилмаган Панама каналини бошқаради, у аҳмоқлик билан Панамага берилган, аммо улар келишувни бузди ва биз уни қайтармоқчимиз ёки жуда кучли нимадир содир бўлади», — деган Трамп журналистлар билан суҳбатда.

3 февраль куни АҚШ давлат котиби Марко Рубио Марказий Америкага сафари чоғида Панама президенти Хосе Рауль Мулино билан учрашди. Музокаралар якунида Панама Хитой билан «Бир макон — бир йўл» ташаббуси бўйича ўзаро англашув меморандумини узайтиришдан бош тортди.

1977 йилда АҚШ президенти Жимми Картер ва Панама раҳбари Омар Торриҳос канални босқичма-босқич АҚШ назоратидан чиқариш тўғрисидаги шартномани имзолаганди. 1999 йилда канал бутунлай Панамага ўтган. У Панама ҳукумати томонидан қўйиладиган Панама канали маъмурияти томонидан бошқарилади.