5 февраль куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон ва Сомали ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги қўшма коммюнике имзоланди, деб хабар берди «Дунё» агентлиги.
Икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ва Сомалининг БМТдаги доимий вакили Абукар Даҳир Усмон имзолади.
Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган институтлари доирасида ҳамкорликни кучайтиришга тайёр эканини тасдиқлади.
Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини топиш мақсадида икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистон билан Африка давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди, дейилади агентлик хабарида.
Қайд этилишича, Сомали Федератив Республикаси Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 157-давлатга айланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2024 йилда Африка, Америка ва Европанинг 12 та давлати билан дипломатик муносабатлар ўрнатган эди.