Туркия икки йил аввал айни шу санада — 2023 йил 6 февраль куни маркази Каҳраманмараш бўлган 7,7 ва 7,6 магнитудали зилзилалардан ларзага келган эди. Зилзила 11 та вилоятда вайронагарчиликларга олиб келди ва 14 миллионга яқин фуқарога бевосита таъсир кўрсатди. Табиий офат оқибатида жами 53 537 киши ҳалок бўлди, 107 213 киши жароҳатланди. Ҳодиса туфайли Туркия халқаро ёрдамни ўз ичига олган 4-даражали огоҳлантиришни ва бутун мамлакат бўйлаб 7 кунлик миллий мотам эълон қилди, зилзила зонасида эса фавқулодда ҳолат жорий этилди.
Нафақат Каҳраманмараш, балки Ҳатай, Османие, Адияман, Диярбакир, Шанлиурфа, Газиантеп, Килис, Адана, Малатья ва Элазиғ ҳудудлари жиддий зарар кўрди.
Минтақадаги саъй-ҳаракатларда 93 мамлакатдан қидирув-қутқарув гуруҳлари иштирок этди. 120 минг квадрат километрни қамраб олган зилзилалар оқибатида 11 та вилоят, 124 та туман, 6 минг 929 та қишлоқ ва маҳаллада кучли талафотлар кузатилди.
Шундан сўнг Туркия ҳукумати зилзилалар оқибатида биноларнинг қулашига алоқадор пудратчилар, иш бошқарувчилар ва бошқалардан иборат 612 нафар кишига нисбатан тергов бошлаганди. Вайрон бўлган биноларнинг кўпчилиги сифатсиз материаллар ва усуллардан фойдаланган ҳолда қурилгани айтилган.
Зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам бўлган. Ҳодисадан сўнг Ўзбекистон ФВВ қутқарув отрядлари вайроналар остидан олиб чиқиш ишларига кўмаклашиш учун Туркияга етиб борган (мана уларнинг ҳикоялари). 2023 йил июлида зилзиладан жабр кўрган Ҳатай аҳолисига Ўзбекистон фуқаролари маблағлари ҳисобидан модулли уйлар топширилган. Шунингдек, зилзилаларда жабрланган бир гуруҳ нуронийларнинг 30 нафари Ўзбекистонга дам олиш мақсадида олиб келинган. Туркияга инсонпарварлик ёрдами жўнатилган.
«Газета.uz» сана муносабати билан ҳодисани ёдга олади, материал турк ОАВ, жумладан, Haberler ва Daily Sabah нашрлари эълон қилган мақолалар асосида тайёрланди.
650 минг киши сафарбар этилди
Қидирув ишлари зилзиладан зарар кўрган 39 мингта вайронада, қидирув-қутқарув ишлари ҳаёт тарзи аниқланган 26 минг 32 та бинода олиб борилди.
Интервенция тадбирлари доирасида жами 650 минг киши, жумладан, 11 488 нафар халқаро, 35 250 нафар қидирув-қутқарув ва 142 минг нафар қўриқлаш хизмати ходимлари навбатчилик қилди. Зилзила содир бўлган ҳудудга ёрдам кўрсатиш учун жами 20 мингта техника ва оғир техника, 141 та вертолёт, 182 та самолёт ва 23 та кема меҳнат қилди. Ҳарбий-денгиз кучлари қўмондонлиги кемалари ёрдам учун минтақага юборилди.
Ҳаво транспорт воситалари билан санитар эвакуация, шахсий таркибни кўчириш ва ёнғинни ўчириш тадбирлари ўтказилди, натижада 17,5 мингта парвоз амалга оширилди. Turkish Airlines авиакомпанияси бошчилигида 13 701 та рейсда 32 770 тонна ёрдам, 2 миллиондан ортиқ йўловчи ва 712 та юк рейси амалга оширилди.
Вақтинчалик бошпаналар
Табиий офатдан жабр кўрган 11 та вилоятда чодир ва контейнер кентлар учун ҳудудлар белгилаб олинди. Вақтинчалик бошпана майдонлари ташкил этилиб, 1 миллион чодир жўнатилди. Табиий офатдан жабрланган қарийб 2,5 миллион киши бошпана билан таъминланди.
Кредит ва ётоқхоналар муассасаси ётоқхоналарида 477 952 киши, Халқ таълими вазирлиги ётоқхоналарида 710 266 киши — жами 1 млн 188 минг 218 киши объектларга жойлаштирилди.
Контейнер кентлардаги бошпаналардан ташқари, фуқаролар учун озиқ-овқат, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилди.
Зарарни баҳолаш
Атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан зилзила ҳудудида олиб борилган зарарни баҳолаш ишлари доирасида 2,3 миллиондан ортиқ бино ва 6,6 миллиондан ортиқ участкада зарарни баҳолаш ишлари амалга оширилди.
Жами 311 минг 440 та бино ва 810 минг 902 та мустақил участка зудлик билан бузилишга муҳтожлиги, жиддий шикастлангани ёки қулаб тушгани аниқланди. 18 та вилоятда ҳажмга нисбатан 97 фоиз, бинолар сонига нисбатан 91 фоиз чиқиндиларни олиб чиқиш ишлари бажарилди.
2023 йил 30 майда бошланган 18 та вилоят, 179 та туман, 8474 та маҳалла ва 2472 та овул бўйича мулк ҳуқуқини аниқлаш жараёни 211 кунда якунланди.
Мулк ҳуқуқини расмийлаштириш жараёнида 845 371 та ариза баҳоланди. 85 миллион ҳужжатдан иборат барча мурожаатлар тегишли комиссиялар томонидан кўриб чиқилди.
40 мингдан ортиқ ҳарбий сафарбар этилди
Зилзила ҳудудида Туркия Қуролли кучларининг 40 мингдан ортиқ аскари, мутахассислари ва техник ходимлари, жумладан, 57 та батальон ва 100 та қидирув-қутқарув гуруҳи навбатчилик қилди. 29 та қидирув-қутқарув ити ҳам ушбу саъй-ҳаракатларга кўмаклашди. Натижада вайроналар остидан 327 киши қутқариб олинди.
65 та самолёт, 71 та вертолёт ва учувчисиз учиш аппаратлари орқали ҳаво ёрдами кўрсатилиб, қидирув-қутқарув ходимлари ва ёрдам материалларини ҳудудга етказиш, шунингдек, жабрланганлар ва ҳудудни тарк этишни истаганларни эвакуация қилиш таъминланди.
«Икки йилда шаҳарни анча тикладик»
2025 йил 4 февраль куни Қаҳраманмараш губернатори Мукеррем Унлуэр миллий ва халқаро журналистлар билан матбуот анжумани ўтказди. У ўз нутқида вайронкор зилзилалардан сўнг шаҳарда катта реконструкция жараёни амалга оширилганини айтди.
«Мана шундай оғир шароитга қарамасдан, икки йилда шаҳарни анча тиклашга эришдик. Уй-жой, инфратузилма, таълим ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларда қайта қуриш ишлари давом этмоқда», — деди у.
«Ҳиросима атом бомбасидан 2 минг марта кучлироқ»
Табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларни бошқариш бошқармаси (AFAD) зилзилалар ва хавфларни камайтириш бўйича бош директори Орҳан Татар зилзилалар туфайли юзага келган вайронагарчиликлар ва икки йил ичида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Татарнинг таъкидлашича, Туркияда 7,7, 7,6 ва 6,5 магнитудали бир нечта йирик зилзилалар, сўнгра 67 669 та ерости силкиниши содир бўлган. 30 квадриллион жоуль энергия ажралиб чиққан зилзилалар Ҳиросима атом бомбасидан 2 минг марта кучлироқ бўлган.
Татарнинг сўзларига кўра, айни кунларда контейнер аҳоли пунктларида 649 632 киши қолмоқда. Шунингдек, у ҳукумат томонидан доимий уй-жойларни ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, 201 431 та уй ва 149 та корхона қуриб битказилгани, 452 983 та мустақил уй-жой қурилаётганини айтди.
Татарнинг айтишича, қидирув-қутқарув салоҳияти кенгайган, мамлакат бўйлаб 100 минг ўқитилган ходим ва 1187 сейсмик кузатув станцияси ишламоқда.
«Биз янги қурилган уй-жойлар билан қисқача танишдик, уларда бинолар юқори даражада қурилган. Аҳоли янги уйларига ташриф буюрган, болалар эса белгиланган жойларда хурсандчилик билан ўйнаб, аста-секин одатий ҳаёт тарзига қайтган», — дейди у.
«Бироқ янги ўзлаштирилган ҳудудлардан ташқарида шаҳарнинг бир қисми хароба бўлиб қолган. Кўплаб бинолар зилзиладан етказилган жиддий зарар туфайли бузилишини кутиб, бўш турган бўлса, бошқалари қисман вайрон бўлган ва фалокат излари бор».
«Ўйланиб қолдим: бу уйларда одамлар илгари бир қанча марта кулишган, қимматли лаҳзаларни баҳам кўришган ва хотиралар яратган эди. Энди эса бу уйлар мамлакатимиз тарихидаги энг даҳшатли фожиалардан бирининг сассиз гувоҳларига айланди», — дейди Орҳан Татар.
Ҳатайдаги умидбахш келин кўйлак дўконлари
Ҳатай шаҳрига яқин кунларда ташриф буюрган Daily Sabah журналисти у ерда ўзи учун умидбахш бир нарса топди:
«Кечаси шаҳарга етиб келганимизда мени умидлантирган нарсани пайқадим: вайрон бўлган бинолар ичида ёрқин дисплейлар ўрнатилган, янги очилган келин кўйлак дўконлари. Бу кичик, аммо қудратли матонат рамзи фожиа юз берганда ҳам ҳаёт давом этишини эслатиб турарди. Бундай тикланиш белгиларини кўриш қувонарли бўлди ва Туркияда 2025 йил „Оила йили“ деб эълон қилингани муносабати билан бу саъй-ҳаракатларни ўз кўзим билан кўриш мени келажакка оптимистик руҳда қарашга ундади».
«Эрталаб вилоятдаги энг қадимий ва тарихий аҳамиятга эга масжидлардан бири бўлган „Ҳабиб-и Нежжар“ масжидига ташриф буюрдик. Еттинчи асрга бориб тақаладиган масжидга зилзилалар оқибатида жиддий зарар етганди. Структуравий шикастланишлар сезиларли эди, шу жумладан, унинг минорасининг қисмлари қулаб тушган. Ҳозир унинг қайта қурилишини таъминлаш мақсадида реставрация ишлари давом этмоқда», — деб ёзади журналист.
Ҳатайда зилзилалар пайтида шифохоналар катта зарар кўрганди, бу эса соғлиқни сақлаш хизматида катта инқирозга олиб келган. Ҳукумат тиббиёт муассасаларини қайта қуриш ва кенгайтириш учун соғлиқни сақлаш инфратузилмасига 16,2 миллиард лира сармоя киритган.
Таълим соҳаси ҳам жиддий зарар кўрган, 210 та мактаб жиддий шикастланган ёки вайрон бўлган. Зилзиладан сўнг эса 129 та янги мактаб очилди ва 116 та мактаб қурилмоқда.