Veolia Energy Tashkent ижтимоий тармоқларда алоҳида бир фуқаронинг қарзи туфайли бутун бир кўп қаватли уйда иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти ўчириб қўйилиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотни рад этди.
Хусусан, тармоқларда кириш йўлагига гўё Veolia Energy Tashkent компаниясига тегишли эълон сурати пайдо бўлди, унда аҳолининг қарзи туфайли бино иссиқлик энергиясидан узиб қўйилиши айтилган. Эълонда «Кўп қаватли уйларда иссиқлик таъминоти хизматларини кўрсатиш қоидалари» ҳақида сўз боради.
«Қўшниларнинг қарзи туфайли коммунал хизматларнинг ўчирилиши ҳақидаги хабар ҳақиқатга тўғри келмайди», — дея таъкидлади компания.
Veolia Energy Tashkent мурожаатида аҳолини фақат расмий ахборот манбаларига таянишга чақирди. Шунингдек, компания давлат хизматларини барқарор ва узлуксиз кўрсатиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга ошираётганига ишонтирди.
Иссиқлик таъминоти хизматларини кўрсатиш бўйича юқорида кўрсатилган қоидаларга мувофиқ, хизмат кўрсатувчи иситиш хизматларидан қарздор бўлган аниқ бир истеъмолчига иссиқлик энергиясини етказиб беришни тўхтатишга ҳақли.
Бунда хизмат кўрсатувчи ташкилот истеъмолчини камида 2 кун олдин ёзма равишда бевосита хабардор қилиши шарт.