Самарқанд вилояти Оқдарё туманида йўл патруль ходимининг қонуний талабига бўйсунмаган яна бир ҳайдовчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди, дея хабар бермоқда вилоят ЙҲХХ.
Қайд этилишича, ҳолат 4 февраль куни соат 19:10 да содир бўлган. М37 автомобиль йўлининг 34-километрида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузган Cobalt`нинг ёнига келиб, ҳайдовчидан ҳужжатларини сўраган.
Бироқ ҳайдовчи меъёрий ҳужжатларни тақдим қилмаган ва қонуний талабга бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттириб кетган. Тармоқларда тарқалган видеоларда машинада ҳайдовчи эшигига тирмашиб олган ЙПХ ходими кетаётганини кўриш мумкин.
«Барибир, мени топишди. ИИО ходими ва оила аъзоларидан кечирим сўрайман. Пушаймонман. ЙПХ ходимидан қочиб, охири қамоққача етиб келдим. Барча ҳайдовчиларга айтаманки, „гаи“ тўхтатганида тўхтасин, менга ўхшаб шунақа вазиятга тушиб қолмасин», — дейди ҳайдовчи.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳайдовчи процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқанд шаҳрида Onix ҳайдовчиси ЙПХ инспекторининг тўхташ талабига эътибор бермай, уни автомобиль капотида судраб қочиб кетганди. Ходим ерга йиқилиб жароҳат олган, ҳайдовчи ушланган.