Ўзбекистондаги банклар автокредит беришда автомобилларга чегирмаларни ҳисобга олишни бошлайди. Бу ҳақда жума куни президент ҳузурида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича ўтказилган йиғилишда сўз борди.
Хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш учун такси агрегаторларидан бири 2000 та автокредит бўйича кафил бўлишни таклиф қилди, бу 4000 та иш ўрни яратиш имконини беради. Қайд этилишича, ушбу ташаббус туфайли йўлларда кўпроқ замонавий таксилар пайдо бўлади.
Маълум қилинишича, банклар бундай лойиҳалар учун 1 трлн сўм кредит ажратишга тайёр.
Автосалонлар автомобиль учун тўлиқ тўловни амалга оширганда чегирма беради, аммо банклар амалдаги қоидалар туфайли автокредит беришда уни қабул қилмайди. Агар банкларга чегирмаларни ҳисобга олишга рухсат берилса, кредит ставкаси 4 фоизга пасаяди.
Президент маҳаллий автомобиллар учун бу чекловни олиб ташлаш муҳимлигини таъкидлади.
Умуман олганда, 2025 йилда транспорт хизматлари ҳажмини 15 фоизга ошириб, 185 триллион сўмга етказиш режалаштирилган. Транспорт хизматлари экспорти 2,2 миллиард долларга етказилиши керак.
2023 йил сентябрь ойида Марказий банк автокредит ажратиш бўйича банкларга қўйиладиган талабларни кучайтирди. Банкларнинг кредит портфелидаги автомобиль сотиб олиш учун қарзларнинг улуши қарзларнинг концентрацияси билан боғлиқ хатарлар туфайли 25 фоиздан ошмаслиги керак.
1 июлдан бошлаб Марказий банк аҳолига кредитлар бериш бўйича талабларни оширди. Регулятор кредит бўйича ўртача тўловларнинг қарз олувчининг ўртача ойлик даромадига нисбати орқали ҳисобланадиган қарз юки кўрсаткичини жорий этди.
Ушбу чора-тадбирлар фонида ўтган йилнинг 9 ойида банклар томонидан аҳолига жами 12,79 трлн сўмлик автокредитлар ажратилди, бу 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 2,36 бараварга камдир. Учинчи чоракда автокредитлар бериш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан уч баравардан кўпроқ қисқарди.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) кредитлашнинг сезиларли даражада пасайиши фонида автомобиль ишлаб чиқарувчилари ва дилерлари талабни қўллаб-қувватлаш чораларини кўрганини маълум қилганди. Компанияларнинг бир қисми (GM Uzbekistan, BYD ва Kia) бир қатор моделларга чегирмалар жорий қилган, қолганлари эса (GM Uzbekistan, BYD, Chery) фоизсиз бўлиб тўлаш имкониятини таклиф қилган.