Ўзбекистонда 2022 йилда жорий этилган савдо ва хизматлар соҳасидаги корхоналарга ижтимоий солиқни 1 фоиз қилиб белгилаш бўйича имтиёз муддати 3 йилга узайтирилади. Бу ҳақда хизматлар соҳасида бўйича ўтказилган президент раислигидаги йиғилишда маълум қилинди.

Имтиёз берилганидан кейинги даврда корхоналар сони 1,5 карра ошиб, улардаги ишчилар 220 мингга кўпайган.

«Муҳими, кўп корхоналар «соя»дан чиқиб, ойликни тўғри кўрсатишга ўтгани ҳисобига, иш ҳақи 3,2 карра кўпайиб, қўшимча 2,1 трлн сўм солиқ тушди. Шу боис кўп тадбиркорлар имтиёз муддатини яна уч йилга узайтиришни сўрамоқда», — дея таъкидлади президент.

Шавкат Мирзиёев бу таклифни маъқуллади. Қайд этилишича, эндиликда имтиёз сервис корхоналарининг камида 3 млн сўм ойлик оладиган 30 ёшгача бўлган ишчиларига қўлланилади.

Ва аксинча, хуфиёна фаолият юритиб, «конвертда» ойлик тўлаётган тадбиркорлар устидан назорат кучайтирилади.

Қурилиш, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарига ишчилар билан қисқа муддатли, соддалашган (кунбай, ишбай) меҳнат шартномасини тузишга рухсат берилади.