Ўзбекистон тижорат банклари девелоперлардан тижорий кўчмас мулкларни тўғридан-тўғри сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ҳақда 7 февраль куни бўлиб ўтган президент раислигидаги йиғилишда айтилди.
Охирги уч йилда Ўзбекистонда 3 мингта кўп қаватли уй фойдаланишга топширилган ва 38 млн квадрат метр нотурар жой пайдо бўлган.
Девелоперларга янги массивлар ҳудудининг 10−15 фоизини нотурар тоифага ўтказишга рухсат берилди. Улар бу мулкни сотишдан, савдо ва сервис тармоқлари эса ижарага ёки лизингга олишдан манфаатдор, лекин уларни бир-бирига боғловчи тизим йўқ, дея таъкидланди йиғилишда.
Президент банкларнинг девелоперлардан мулкларни тўғридан-тўғри сотиб олиш ва тадбиркорларга ижара ёки лизингга бериш таклифини маъқуллади.
Бу орқали 50 минг квадрат метрли нотурар жойлар муомалага кириши, бюджетга 70 млрд сўм тушум тушиши ва 100−150 минг иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Энг муҳими, лизинг шартлари ижарага нисбатан камида 15−20 фоиз арзон бўлади, дея таъкидлади президент.
Шавкат Мирзиёев девелоперлар билан ишлаб, нотурар жойларни ўзига бириктирилган соҳаларда лизингга бериш бўйича 4 трлн сўмлик лойиҳалар пакетини тайёрлашга топшириқ берди.