Ўзбекистонда хизматлар соҳасида рақобатбардошликни ошириш бевосита ҳудуд ва тармоқларни рақамлаштириш даражаси билан боғлиқ, дея таъкидлади президент Шавкат Мирзиёев 7 февралдаги йиғилишда.

Давлат раҳбари ўтган йилнинг июнь ойида темирйўл ва авиачипталарни камида олти ой олдин сотувга чиқариш, барча қатновлар ҳақида маълумот ва чипта олиш имконини берадиган ягона онлайн платформани ишга туширишга кўрсатма берган эди.

Президент Транспорт вазирлигига барча турдаги йўловчи транспортига чипта олиш имконини берадиган ягона платформани ишга тушириш кечикаётганини айтди.

Кадастр агентлигига кўчмас мулк манзилларининг ягона реестрини тез фурсатда охирига етказиш топширилди.

«Такрор айтаман. Қайси раҳбар рақамлаштиришни кечиктирса, очиқлик сиёсатимизга қарши чиққан бўлади», — деди у.

Вазирлар Маҳкамасига ҳар бир вазир ва ҳокимга рақамлаштириш бўйича алоҳида KPI, аниқ вазифа ва муддатларни белгилаб бериш топширилди.

Туризм қўмитаси туристлар меҳмонхона, дам олиш масканларини «брон» қилиш, авиа ва темир йўл, музей, театрга чипта сотиб олиш, гид ва таржимонларни ёллаш каби хизматларни масофадан туриб олиш имконини берадиган ягона платформани ишга тушириши лозим.

Ташқи ишлар ва Адлия вазирликлари Ўзбекистонга кириш учун электрон визани 3 кунда расмийлаштириш имконини яратиши керак.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилдаги низомга кўра, хорижий фуқарога электрон виза e-visa.gov.uz тизими орқали берилади. У киритилган кундан бошлаб 30 кунгача бўлган муддатга тақдим этилади. Электрон виза билан Ўзбекистонга бир марталик, икки марталик ва кўп марталик киришга рухсат олиш мумкин. Электрон визани рўйхатдан ўтказиш ва бериш учун аризани кўриб чиқиш муддати ариза топширилган кундан ташқари 2 иш кунини ташкил этади.