Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти чегарасидаги ҳаво сифати таҳлил қилинганда ҳудудда ифлослантирувчи моддалар миқдори меъёрдан ошмагани аниқланди, дея хабар бермоқда Экология вазирлиги.

Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ва Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай ва Тошкент туманларида атмосфера ҳавосининг ифлосланиши даражасини камайтириш ва ифлослантирувчи газларнинг белгиланган меъёрдан ортиб кетиши сабаблари, аҳоли саломатлигини сақлаш, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланилиши ҳолатларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва уларга нисбатан чора кўриш мақсадида ўрганиш ўтказилди.

Қайд этилишича, 4 февраль куни ўрганиш давомида оммавий ахборот воситалари иштирокида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти билан чегарадош бўлган Тошкент ҳалқа автомобиль йўли бўйлаб 9 та нуқтадан ҳавонинг ифлосланиши бўйича кўчма лаборатория орқали ТҲАЙда Эшонгузар аҳоли яшаш пунктидан Тошкент Педиатрия тиббиёт институтигача бўлган ҳудудидан ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича таҳлиллар олиб борилган.

«Таҳлил натижаларига кўра, PM2,5 ва PM10 ифлослантирувчи моддалар миқдори белгиланган меъёридан ортиқча ташланаётгани ҳолати аниқланмади», — дейилади вазирлик хабарида.

Бундан ташқари, мавжуд иссиқхоналар фаолияти доимий равишда ўрганилиб, иссиқхоналарни иситиш учун шина, целлофан, парранда гўнги ва бошқа зарарли тутун чиқарувчи ашёлардан фойдаланилишининг олдини олиш, шунингдек, иссиқхоналар дудбуронларига давлат стандартлари талабларига жавоб берадиган чанг-газ тозалаш ускуналари (фильтр) ўрнатиш бўйича профилактик тадбирлар олиб борилган.

Назорат тадбири давомида дудбурондан фойдаланиш қоидаларини бузган 27 нафар иссиқхона эгаларига маъмурий жарима қўлланилган, 33 таси бўйича фаолиятини тўхтатиш юзасидан даъво аризалари киритилган, 166 таси давлат стандарти талабларига жавоб берадиган чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатмаган тақдирда, қонунчиликка кўра жаримага тортилишлари ҳақида огоҳлантирилган.

Тармоқлар ва ҳаво сифатини мониторинг қилувчи платформаларда ҳаво сифати ёмонлашгани қайд этилди.

Январь ойи охири ва февраль ойи бошида ижтимоий тармоқларда Тошкент ҳавоси сифати ёмонлашгани ҳақида постлар кўпайди. Жумладан, 20 мингга яқин Instagram фойдаланувчилари #BIZGATOZAHAVOKERAK ҳештеги туширилган постерни ўз Story`ларига жойлади.

Instagram`да улашилган постер. Фото: Twitter/@mirzozominiyInstagram`да улашилган постер. Фото: Twitter/@mirzozominiy

Блогер Мирзо Зоминий пойтахт ва ҳудудларда ҳавонинг ифлосланиш даражаси ёмонлашганига эътибор қаратди. У ўз Telegram каналига ҳаво сифатини мониторинг қилувчи порталлардан олинган скриншотларни жойлаб борди. Хусусан, Экология вазирлиги вакиллари таҳлиллар ўтказган 4 февраль куни жойланган скриншотда Ўзбекистон, жумладан, Тошкент шаҳрида ҳаво сифати соғлиқ учун зарарли дея баҳоланганини кўриш мумкин.

4 февраль куни Ўзбекистондаги ҳаво сифати кўрсаткичи. Скриншот: IQAir / Telegram / Мирзо Зоминий4 февраль куни Ўзбекистондаги ҳаво сифати кўрсаткичи. Скриншот: IQAir / Telegram / Мирзо Зоминий

Бундан ташқари, Air.Tashkent портали ҳам 4 февраль куни ҳаво сифати индекси (AQI) асосан зарарли бўлганини қайд этган. Куннинг охирига бориб AQI даражаси 210 (Жуда зарарли) га тенг бўлган.

Бундан ташқари, IQAir платформасида ҳам январь охири ва февраль бошида ҳаво сифати зарарли даражада бўлганини қайд этган. Ўша куни PM2,5 заррачалари ўртача миқдори 121 мкг/м³ ни ташкил этган. Бу ҳам ЖССТ томонидан тавсия этилган ҳаво сифатининг ўртача йиллик кўрсаткичидан (6 мкг/м3), ҳам Ўзбекистон стандарти бўйича рухсат этилган концентрациядан (35 мкг/м3) юқори.

Скриншот: IQAIrСкриншот: IQAIr

28 январь куни ҳам Тошкентда ҳаво сифати кескин ёмонлашди. Ўша куни соат 18:00 да ҳаводаги майда дисперс PM2,5 заррачаларининг (диаметри 2,5 микрометр ёки 0,0025 миллиметргача) миқдори 1 куб сантиметр учун 254,139 микрограммни ташкил қилган. Бу Ўзбекистон стандарти бўйича рухсат этилган концентрациядан (35 мкг/м3) 7,26 марта кўп, дегани.

Эрталаб соат 9:00 да PM2,5 кўрсаткичи 98,964 мкг/м3 ёки РЭКдан 2,82 марта, бир кун аввал эса 141,225 мкг/м3 ёки РЭКдан 4,035 марта кўпроқ эди.

Пойтахт аҳолиси ифлосланишни ҳеч бир ускунасиз ҳис қилди — ҳавода сўнгги йилларда таниш бўлиб улгурган куюнди ҳиди пайдо бўлди, лекин шу куни у айниқса ўткир бўлди. Олисдаги кўплаб бинолар туман тушгандек деярли кўринмай қолди.

Бироқ бу туманмиди ёки смог — кўплаб ижтимоий тармоқ блогерлари ва аҳоли орасида бу савол пайдо бўлганига қарамай, бирор давлат органидан жавоб бўлмади.

Ҳаво ифлосланиши одамлар ўлимига сабаб бўлади

2024 йил октябрь ойида Жаҳон банки Тошкентдаги ҳаво сифатини баҳолаш тўғрисида ҳисоботни эълон қилди. Унда қайд этилишича, Тошкентда ҳаво ифлосланиши ҳар йили 3000 дан ортиқ кишининг бевақт ўлимига сабаб бўлмоқда.

Ҳисоботда таъкидланишича, Тошкент ҳавосини асосий ифлослантирувчилардан бири диаметри 2,5 микрон (PM2,5) бўлган қаттиқ майда дисперс заррачалардир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) уларни аҳоли саломатлиги учун энг хавфли ифлослантирувчилардан бири деб ҳисоблайди. Глобал мониторинг билан шуғулланувчи IQAir портали маълумотларига кўра, Тошкент Марказий Осиёнинг бошқа кўплаб шаҳарлари сингари мунтазам равишда ҳавонинг ифлосланиш даражаси юқори бўлган шаҳарлар рўйхатига киритилган.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрида PM2,5 заррачаларининг концентрацияси, айниқса, қиш ойларида юқори бўлиб, халқаро меъёрлардан анча юқори. Пойтахтда ифлосланишнинг ўртача йиллик даражаси ЖССТ тавсия этган даражадан (6 мкг/м3) 6 баравар юқори. Бу эса аҳоли саломатлигига ҳам, шаҳар иқтисодиётига ҳам жиддий зарар етказмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳаво ифлосланишининг зарари мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 0,7 фоизини ташкил этиши мумкин.

Тошкентдаги PM2,5 ҳаво ифлосланишининг асосий манбалари — бу иситиш сектори (28%), транспорт (16%) ва саноат (13%). Тошкент шаҳридаги антропоген PM2,5 ташламаларининг умумий йиллик ҳажмининг 18 фоизини қурилиш ишлари натижасида ҳосил бўлган шаҳар чанги ва йўл чанги ресуспензияси (илгари йўл юзасида ўрнашиб қолган майда чанг заррачаларининг ҳавога қайта кўтарилиши жараёни) ташкил этади.