Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 7 февраль куни ўтказилган йиғилишда Ўзбекистонда IT хизматлари ҳажми ва экспортини оширишга доир топшириқлар берилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда масофавий хизматлар экспортини янги босқичга олиб чиқиш вақти келгани таъкидланган.
Фақат техник хизмат кўрсатиш билан чекланмай, бухгалтерия, консалтинг, суғурта, юридик ва бошқа профессионал хизматлар экспортини йўлга қўйиш кераклиги қўшимча қилинган.
Мутасаддиларга хорижий давлатларнинг хизматлар импортини ва талабларини таҳлил қилиб, ўқув дастурларини шунга мослаш ва тегишли мутахассисларни тайёрлаш топширилди.
Президент матбуот хизматига кўра, бу йил креатив иқтисодиётдаги стартап лойиҳалар учун 50 миллион доллар ажратилди.
Мисол учун, Amazon`да ишлаб, Нукусга қайтиб келган Бекназар Абдукамолов стартап лойиҳасига Facebook`дан 3 миллион доллар жалб қилгани учун бугунги кунда активлари 15 миллион долларга баҳоланмоқда, дейилади хабарда.
Ҳозирда дунёнинг йирик IT компанияларида ишлаётган бундай юзлаб ўзбекистонлик ёшлар бор. Рақамли технологиялар вазирлигига шундай ёшлар билан биргаликда стартап лойиҳаларини амалга ошириш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Умуман, 2025 йилда IT хизматлари ҳажмини 30 фоизга ўстириб, 80 триллион сўмдан, экспортини 1 миллиард доллардан ошириш зарурлиги таъкидланди.