Ўзбекистон давлат банклари онлайн хизматларни ривожлантириш ва аҳоли учун жозибадор молиявий маҳсулотларни яратишда хусусий банклардан ортда қолмоқда. Бу ҳақда 7 февраль куни хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Ўтган йили хусусий банкларда масофавий хизматлардан фойдаланувчилар сони 32 фоизга ошган бўлса, давлат банкларида бу ўсиш атиги 13 фоизни ташкил этди.
Давлат раҳбари масофавий хизматлар ҳажмини жорий йилда камида 30 фоизга ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Мисол учун, кадастр, солиқ, адлия идораларининг базаси банклар ахборот тизимига интеграция қилинса, гаровга қўйилган мулкни нотариусга бориб, тақиқ қўйиш амалиёти бекор бўлади, деди президент.
Шавкат Мирзиёев мутасадди идораларга онлайн кредит олиш тартибини соддалаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифасини қўйди.
Эслатиб ўтамиз, 1 ноябрдан бошлаб Марказий банк фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида фуқаролар номига кредит расмийлаштирилиб, сўнгра p2p-операциялар орқали карталардан маблағлар ечиб олинадиган онлайн кредитлар бериш тартибига чекловлар жорий этди. Бундай ҳолатларга қарши курашиш учун «совиш даври» ва қўшимча идентификация жорий этилмоқда.
Бугунги кунда гаровга қўйилган мол-мулкни бегоналаштиришга тақиқ қўйиш тартиби нотариал расмийлаштиришни талаб қилади. «Гаров тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасига кўра, кўчмас мулк гарови тўғрисидаги шартнома нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт. Бунда нотариус шартномани тасдиқлаш билан бир вақтда гаровни бегоналаштиришни тақиқлаган.
Бироқ 2022 йил 1 октябрдан бошлаб хатланган ёки бошқа шахсларга берилиши тақиқланган мол-мулк тўғрисидаги маълумотлар банки ишга туширилган. Ўшандан буён гаров (ипотека) шартномаларини расмийлаштирган банклар ва бошқа кредит ташкилотлари томонидан мол-мулкка тақиқ қўйиш ва уни олиб ташлаш «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали мустақил равишда амалга оширилади.