Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари меҳнат миграциясини тартибга солишнинг янги механизмини яратади, деб хабар қилди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги матбуот хизмати.

Агентлик директори Беҳзод Мусаев ва Россия Меҳнат ва бандлик федерал агентлиги (Роструд) раҳбари Михаил Иванков Москвада икки томонлама ҳамкорликнинг шу ва бошқа масалаларини муҳокама қилди.

Шунингдек, Россияда вақтинча ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун Ўзбекистонда махсус ўқув марказларини ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қарор қилинди.

«Меҳнат ва бандлик федерал агентлиги иш берувчилар фаолиятини ўрганиш ва уларнинг ишончлилигини аниқлаш бўйича Миграция агентлиги билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қилади», — дейилади хабарда.

тив, меҳнат миграцияси

Томонлар, шунингдек, ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари Россияда яшаш ва ишлаш учун рухсатнома (патент) олиш учун ўз ватанида рус тилидан имтиҳон топшириши мумкинлиги тўғрисида келишиб олди. Ушбу имтиҳонни Сахаров номидаги кўп функцияли миграция марказининг Тошкент шаҳридаги филиалида топшириш мумкин бўлади. У 2021 йилда пойтахтнинг Яшнобод туманидаги «Ишга марҳамат» мономаркази негизида очилган.

Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари учун патент олиш жараёнини соддалаштириш, шунингдек, КММнинг Тошкент шаҳридаги филиали фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон делегацияси 4−5 февраль кунлари Москвага ташриф буюриб, ички ва ташқи ишлар, соғлиқни сақлаш, иқтисодий ривожланиш, фан ва олий таълим вазирликларида, шунингдек, Роструд ва Москва ҳукуматида учрашувлар ўтказган.

Кун тартибида, хусусан, Россия ҳудудида Ўзбекистон фуқаролари дуч келаётган муаммоларни ҳал этиш масалалари марказий ўринни эгаллади, деб хабар қилди республика Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Учрашувда мигрантлар учун рухсатномалар олиш тартибини Ўзбекистон ҳудудига ўтказиш масаласини ишлаб чиқишни тезлаштиришга келишилди.

Томонлар Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқий мақомини қонунийлаштириш жараёнига бундан буён ҳам кўмаклашишга, шунингдек, уларнинг Россияда ташкилий тарзда ишга қабул қилиш йўли билан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун қулай шарт-шароитлар яратишга тайёр эканини билдирди.

Хусусан, Роструд хорижий ишчиларни уюшган ҳолда жалб қилиш бўйича «ягона оператор»ни ташкил этиш, шунингдек, имтиёзли шартларни ишлаб чиқиш, шу жумладан, патент тўловини иш берувчи ҳисобидан амалга ошириш масаласини ишлаб чиқмоқда. «Бундан ташқари, Россия Федерациясидаги меҳнат муҳожирлари ҳақидаги ёлғон ва нохолис маълумотларнинг оммавий ахборот воситаларида тарқалишининг олдини олиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга ошириш йўлида амалий ҳаракатлар олиб борилаётганлиги қайд этилди», — дея қўшимча қилди ТИВ матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, делегация ташрифи якунида Россиянинг йирик компаниялари, жумладан, Ant Yapi, Ozon Community, ПЭК ва SPAR Middle Volga`да 7000 нафар Ўзбекистон фуқаросини ташкилий тарзда ишга жойлаштириш бўйича келишувлар имзоланган.