Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартириш билан Миллий гвардияга вояга етмаганлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазо қўллаш ваколати берилди.
Ҳужжат билан Миллий гвардиянинг Болалар билан ишлаш бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ҳарбий хизматчилари ва ходимларининг маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда маъмурий жазо чораларини қўллашга доир ваколатлари белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенатнинг 25 январдаги учинчи ялпи мажлисида «Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон қонуни муҳокама қилинганди.
Мажлисда қайд этилишича, Миллий гвардиянинг инспектор-психологлари февраль ойидан ҳозирги кунга қадар 44 450 та Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни аниқлаб, ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари орқали маъмурий жазо чоралари қўлланилишини таъминлаган ҳамда ота-оналар томонидан фарзандларини мактабга юбормаслик ҳолатлари бўйича 175 мингга яқин огоҳлантириш хатлари ёзилган.
Бугунги кунда 1 нафар инспектор-психологга мактаблардаги бола сонидан келиб чиқиб 3 тадан 10 тагача мактаб тўғри келмоқда. 2025 йил бошида мактаблардаги ўқувчиларнинг дарсларда иштирок этиш давоматлари 50 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич 95 — 99 фоизни ташкил этмоқда.
Миллий гвардия мактабга қандай келиб қолди?
Шавкат Мирзиёев 2024 йил 5 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда 2023 йили вояга етмаганлар 3,5 минг жиноят содир этгани, 50 минг нафар бола мунтазам равишда мактабга бормаётганини айтганди.
«Нима учун ҳокимлар ҳар ҳафтада битта мактабга бориб, ўқувчиларнинг шароити ва тарбияси билан шуғулланмайди? Ахир Болалар масаласи бўйича миллий комиссияга ҳокимлар масъул эмасми? Мактаблардаги 2000 та инспектор-психолог штати Ички ишлар [вазирлиги]дан Миллий гвардия ўтказилади. Жўраев (Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев — таҳр.) икки ой муддатда ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали уларда «ҳуқуқбузарликларга қарши иммунитет»ни яратиш бўйича тизим қилади», — деганди давлат раҳбари.
Президент Рустам Жўраевга мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова билан биргаликда «энг оғир 1000 та мактабларда давоматни яхшилаш тажрибасини жорий этиш» бўйича топшириқ берди. Шунингдек, Миллий гвардия бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, касбга йўналтириш, тарбиялаш бўйича ота-оналар, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда иш олиб бориш тизимини яратиш устида ишлайди.
«Тарбияси ва ўқишида муаммо бўлган ўқувчиларнинг ота-оналари ва маҳалла фаоллари билан шуғулланиб, муаммоларни ечишга қаратилган аниқ чоралар кўради. Агар мактабнинг ичига бутун халқ, бутун жамоат билан кирмасак, натижа бўлмайди», — деганди Шавкат Мирзиёев.
«Газета.uz» аввалроқ, инспектор-психолог ўзи кимлиги, унинг вазифалари нималардан иборат экани ҳақида Миллий гвардия марказий девони бошқарма бошлиғи Зафар Алимов билан ходимларнинг мавжуд ваколатлари ҳақида суҳбатлашганди.