Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга октябрга қадар қатор давлат хизматларини хусусий секторга беришни топширди. У бу ҳақда жума куни хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида гапирди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Қайд этилишича, сўнгги уч йилда 27 турдаги давлат хизматлари хусусий секторга берилган. Хусусан, тиббиёт, авиация ва энергетикада хусусий сектор иштирокидаги лойиҳалар 20 млрд доллардан ошган.
Лекин давлат раҳбари ичимлик суви, канализация ва йўл қурилишида бундай лойиҳалар деярли йўқлигини кўрсатиб ўтди, вазирликларда ҳам бу йўналишда ҳали қилинадиган ишлар жуда кўплигини таъкидлади.
Масалан, Давактив агентлиги риелтор ва баҳоловчини имтиҳондан ўтказиш, тоифа беришни, Туризм қўмитаси гидларга малака сертификати бериш хизматини, Агросаноат инспекцияси қишлоқ хўжалиги ва махсус техникаларни мажбурий кўрикдан ўтказишни хусусий секторга бериши мумкин. Бошқа вазирлик ва идораларда ҳам тадбиркорлар бемалол қила оладиган хизматлар жуда кўп.
«Шароит яратиб берилса, 1 млрд доллар сармоя киритиб, 10 мингта иш ўрни қиламан, деган маҳаллий тадбиркорлар жуда кўп», — деди у.
Мирзиёев мутасаддиларга 1 мартга қадар 11 та, 1 октябргача яна 18 та давлат хизматини хусусий секторга бериш чораларини кўришни буюрди.
Ҳар бир вазирликка ўз тизимидаги қайси хизматни хусусий секторга, жумладан, аутсорсингга бериш ва янги хизматларни жорий қилиш мумкинлиги бўйича таклиф тайёрлаш топширилди. Бу борада Рақобат қўмитасининг масъулияти белгиланди.
Тадбиркорларда ер участкалари ва давлат мулкини ижарага олиш ёки хусусийлаштириш шартлари бўйича саволлар кўплиги боис, бу борада очиқ, шаффоф, манфаатли шартларни ишлаб чиқиш ва эълон қилиш вазифаси қўйилди.
Президентнинг Нукусдаги тадбиркорлар билан мулоқоти якунлари бўйича қабул қилинган фармонида айрим ҳудудларидаги электр тармоқлари бошқаруви хусусий операторга ўтказилиши режалаштирилганди.
Шунингдек, Миграция агентлиги 2026 йилгача фуқароларни хорижга юбориш ва ишга жойлаштириш билан боғлиқ функцияларини хусусий бандлик агентликларига ўтказиши хабар қилинганди.