Суриянинг ўтиш даври мудофаа вазири Мурҳаф Абу Касранинг айтишича, Суриянинг янги ҳукумати, агар мамлакат манфаатларига жавоб берса, Россия ҳарбий базаларини сақлаб қолишга тайёр. Бу ҳақда вазир 6 февраль куни The Washington Post (WP) нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Агар биз бундан Сурия учун фойда кўрсак, унда ҳа», — деди вазир Сурия Россиянинг Тартус ва Хмеймимдаги базаларини қолдиришга рухсат берадими, деган саволга жавобан.

Вазирнинг сўзларига кўра, 2024 йил декабрь ойида Сурия президенти Башар Асад тузуми қулаганидан сўнг Россиянинг Сурия янги ҳукуматига муносабати «сезиларли даражада яхшиланди». «Сиёсатда доимий душман йўқ», деди у.

The Washington Post нашрининг таъкидлашича, Россия Суриянинг янги ҳукуматига «ўзи жуда хоҳлаган нарсани» — Башар Асадни бериши мумкин. Мудофаа вазири интервьюда Сурия расмийлари Москва билан музокаралар чоғида Асадни топширишни сўраган-сўрамаганини тасдиқламади. Шу билан бирга, у музокараларда Асадни жавобгарликка тортиш масаласи муҳокама қилинганини таъкидлади.

«Башар Асад Россияга кетишга қарор қилганида, бизни [РФ расмийлари билан] келиша олмайди, деб ўйлаган эди. Эҳтимол, [Россия] билан муносабатлар шундай тикланадики, улар биринчи навбатда Сурия манфаатларига, кейин эса ўз манфаатларига жавоб беради», — деди вазир.

Мурҳаф Абу Касранинг қўшимча қилишича, Сурия ҳукумати Суриядаги АҚШ ва Туркия ҳарбий базалари мақоми бўйича музокаралар олиб бормоқда. Унинг сўзларига кўра, Анқара билан янги келишувлар мамлакатдаги турк қўшинларини қисқартириш ёки «қайта тақсимлаш»ни назарда тутиши мумкин. АҚШнинг мамлакат шимоли-шарқидаги ҳарбий иштироки «муҳокама босқичида,» дея қўшимча қилди у.

Декабрь ойида Европа Иттифоқи Суриянинг янги раҳбарияти билан Россия ҳарбий базаларини мамлакатдан чиқаришни муҳокама қилмоқчи экани хабар қилинганди. ЕИнинг кўпгина расмийлари Сурияда Россия ҳарбийлари бўлмаслиги тарафдори.

Февраль ойи бошида Кремль Москва Суриянинг янги расмийлари билан барча мавзуларда, жумладан, мамлакатдаги Россия ҳарбий базалари тақдири бўйича мулоқотни давом эттиришини маълум қилганди. «Хабарингиз бор, делегациямиз яқинда музокаралар ўтказди, барча масалалар бўйича алоқаларни давом эттиришга келишиб олдик, муҳокама қилиш учун кўплаб масалалар бор», — деганди президент матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга.

Bloomberg маълумотларига кўра, Москва ва Дамашқ ўртасидаги мулоқот Туркиянинг Россия томонининг Суриядаги ҳарбий иштирокини сақлаб қолиш бўйича саъй-ҳаракатларига тўсқинлик қилишга уринишлари туфайли муаммоларга дуч келмоқда.