АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШ фуқаролари ва Исроил каби АҚШ иттифоқчиларига нисбатан олиб борилаётган терговлар туфайли Гаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) мансабдор шахсларига нисбатан санкциялар жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақдаги хабар 6 февраль куни Оқ уй сайтида эълон қилинди.

Унда айтилишича, ХЖС «ўз ваколатларини суиистеъмол қилиб, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга асоссиз ордерлар берган».

Трампнинг фармонида айтилишича, АҚШ ҳам, Исроил ҳам Халқаро жиноий суд аъзоси эмас ва Рим статутини имзоламаган. «Иккала давлат ҳам ҳеч қачон ХЖС юрисдикциясини тан олмаган ва иккала давлат ҳам уруш қонунларига қатъий риоя қиладиган армияларга эга гуллаб-яшнаётган демократиядир», — деди Трамп.

Фармонга кўра, Халқаро жиноий суднинг АҚШдаги мансабдорларига тегишли мол-мулклар блокланади, ХЖС ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига Қўшма Штатларга кириш тақиқланади. Фармон судга қилинажак ҳар қандай кўмакларни тақиқлайди. АҚШ ҳозирча санкциялар кимларга нисбатан қўлланишини эълон қилмади.

Халқаро жиноий суд 2024 йил ноябрь ойида Исроил бош вазири Нетаньяҳу ва мамлакатнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер берганди. ХЖС уларни Ғазо секторида содир этилган ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятларда айблаган.

Трамп ўзининг биринчи президентлик муддати давомида 2012−2021 йилларда Халқаро жиноий суд прокурори Фату Бенсудага нисбатан санкциялар киритганди. Ўшанда санкциялар суд Америка ҳарбийларининг Афғонистонда содир этган ҳарбий жиноятларини тергов қилгани учун киритилган.

ХЖС 2023 йил март ойида Россия президенти Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган. Улар Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний депортация қилишда гумон қилинган.