Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги 17 та кўчадан ўтган 7,3 километр узунликдаги йўлни гастрономик кўчага айлантириш лойиҳаси маъқулланди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича асосий вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида айтилди.

Қайд этилишича, ушбу кўчада 250 та савдо ва сервис объектлари ташкил қилиниб, камида 1,5 минг иш ўрни яратилади. Бундан аввал ҳам Тошкентда бир қанча гастрономик кўча ташкил этилиши ҳақида хабарлар берилганди.

Пойтахтдаги яна 26 та кўчани туну-кун ишлайдиган гавжум кўчага айлантириш, 24 соат ишлайдиган савдо нуқталарини 1 мингтага кўпайтириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Туристлар билдирган фикрларни инобатга олиб, туризм ва сервис жойларини кечқурун ҳам ишлайдиган қилиш кераклиги таъкидланди.

Аввалроқ Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан тунги иқтисодиётни ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилганди.