Президент Шавкат Мирзиёев 7 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирларини маълум қилди.
Ўтган йили транспорт хизматлари кўрсатиш ҳажми 8,6 фоизга ўсиб, 145 триллион сўмни ташкил этди. Президент бу юқори иқтисодий ўсишни таъминлаш учун етарли эмаслигини таъкидлади.
Маҳаллий экспедиторларнинг халқаро юк ташишдаги улушини ошириш мақсадида улар ҚҚС тўлашдан озод этилди. Натижада Транспорт вазирлиги жорий йилда уларнинг улушини 25 фоизга, 2026 йилгача эса 50 фоизга ошириши керак.
«Евро 5» ва ундан юқори экологик стандартларга жавоб берадиган юк машиналари 2021 йил августидан 2025 йил 1 январигача божхона божлари ва утилизация йиғимларидан озод этилганди. Президент мазкур имтиёзни яна уч йилга (2028 йилгача) узайтиришни маъқуллади.
Шавкат Мирзиёев масъул мутасаддиларга хусусий авиакомпаниялар билан ҳамкорликда Самарқанд, Бухоро, Урганч, Нукус ва Термизга парвозлар сонини икки баробар ошириш, шунингдек, жорий йилда ҳаво қатновлари ҳажмини камида 20 фоиз кўпайтириш, 15 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш чора-тадбирларини ишлаб чиқишни топширди.
Давлат раҳбари Тошкент, Янгийўл, Чиноз ва Сирдарё туманлари ўртасида қатновчи замонавий электропоезд қатновини тезлаштириш зарурлигини ҳам таъкидлади.
Бугунги кунда темирйўл хизматлари экспортининг 50 фоизини транзит юклар ташкил этади. Мақсад — 2030 йилгача транзит юк ташиш ҳажмини 22 миллион тоннага етказиш.
Тадбиркорларга автомобил йўллари бўйидан бепулга ер ажратиб бериш, 72 та замонавий йўл бўйида хизмат кўрсатиш объектларини қуриш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, йирик мультимодал логистика марказлари сонини икки баробар ошириш бўйича уч йиллик дастурни ишга тушириш тўғрисида қарор қабул қилинди.