АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигида (USAID) оммавий ишдан бўшатишга тайёрланмоқда, деб ёзмоқда Reuters.
Нашрнинг таъкидлашича, бутун дунё бўйлаб 10 мингдан ортиқ ходимдан фақат 294 нафари (3 фоизи) ишини сақлаб қолиши мумкин. Агентликнинг Африка бюросида 12 нафар, Осиё бюросида эса саккиз нафар ходим қолади. Манбаларнинг қўшимча қилишича, айрим ходимлар аллақачон ишдан бўшатилиши тўғрисида огоҳлантириш олган.
«Бу даҳшатли», — деди Reuters агентлигига USAID`нинг собиқ раҳбари (1993−1999), Браун университети қошидаги Уотсон институти катта илмий ходими Жон Брайан Этвуд. Унинг сўзларига кўра, оммавий ишдан бўшатиш бутун дунё бўйлаб ўн миллионлаб одамларга ёрдам берган агентликнинг йўқ қилинишига олиб келади. «Кўп одамлар омон қолмайди», — деб ҳисоблайди у.
Трамп маъмурияти 4 февраль куни USAID`нинг барча ходимларини таътилга чиқариш, шунингдек, АҚШдан ташқарида ишлаётган минглаб ходимларни чақириб олишни режалаштираётганини эълон қилганди. USAID сайтидаги баёнотда айтилишича, 7 февралдан бошлаб «ўта муҳим функциялар, асосий раҳбарият ва махсус ишлаб чиқилган дастурлар учун масъул бўлган» ходимлардан ташқари барча ёлланган ходимлар таътилга чиқади.
- Трамп президентлик лавозимининг биринчи кунида агентлик дастурлари «Америка қадриятлари» ва АҚШ ташқи сиёсати мақсадларига қанчалик мос келишини текшириш учун USAID`нинг хорижий давлатларга ёрдамини 90 кунга музлатиб қўйганди. Февраль ойи бошида Трамп маъмурияти USAID`ни «Афғонистонда мисли кўрилмаган кўкнори етиштириш ва героин ишлаб чиқариш», шунингдек, «Ал-Қоида» террорчилик гуруҳи учун тўловларни молиялаштиришда" айблади. АҚШ ҳукумати USAID`ни Давлат департаменти билан бирлаштиришни режа қилмоқда.
- АҚШ Конгресси тадқиқот хизмати маълумотларига кўра, USAID`да бутун дунё бўйлаб 10 мингдан ортиқ киши ишлаган, уларнинг учдан икки қисми АҚШдан ташқарида. 2023 молия йилида агентлик 130 дан ортиқ давлатга, жумладан, Украина, Эфиопия, Иордания, Конго Демократик Республикаси, Сомали, Яман ва Афғонистонга ёрдам кўрсатди. 2023 йил давомида агентлик томонидан 40 миллиард доллардан ортиқ ёрдам тарқатилган.
- USAID, жумладан, Ўзбекистонга кўп йиллик ҳамкорлик давомида асосан иқтисодий ривожланиш, таълим, соғлиқни сақлаш, энергия самарадорлиги, сув ресурсларини бошқариш, шунингдек, демократия ва инсон ҳуқуқлари соҳаларида ёрдам кўрсатиб келмоқда. 1993 йилдан буён USAID Ўзбекистонга 650 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратган.