Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими Маъсудов Хайриддин Фатҳиддинович 88 ёшида вафот этди, дея хабар бермоқда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги.

Хайриддин Маъсудов 1937 йил 27 август куни Тошкент шаҳрида туғилган. Меҳнат фаолиятини 1956 йилда техника соҳасида бошлаган, кейинчалик таълим соҳасида ишлай бошлаган, касбий таълим тизимини ривожлантиришга ҳисса қўшган.

У узоқ йиллар халқ таълими вазирининг ўринбосари ҳамда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директорининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаган.

Маъсудов 2017 йилдан ҳозиргача «Баркамол авлод» жисмоний тарбия ва спорт жамияти Марказий кенгаши раис ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.

«Ўз касбининг моҳир устаси, фидойи устоз ва меҳрибон инсон сифатида у эл-юрт эътиборини қозонган. Унинг фидокорона меҳнати, илм-фанга қўшган улкан ҳиссаси ва ёшларга берган билимлари халқимиз учун бебаҳо мерос бўлиб қолади», — дейилади хабарда.