Ўзбекистон йил охиригача Аи-80 бензинидан фойдаланиш ва сотишни чеклаш учун «барча куч ва ресурсларни сафарбар этиш» ниятида. Шу билан бирга, аҳоли «сифатли, экологик тоза ва арзон ёқилғи» билан таъминланиши керак.

Бу ҳақда президентнинг 30 январдаги «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги фармонида сўз боради.

Йил охирига қадар республиканинг барча ҳудудларида иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан мазутдан ёқилғи сифатида фойдаланиш ҳам тўлиқ тақиқланади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигини хабардор қилиб, Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда фойдаланиш ҳолатлари мустасно.

Савол тарихи

2024 йил бошида Энергетика вазирлиги «Газета.uz»га Аи-92 ва ундан юқори турдаги бензин ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали 2026 йил охиригача Аи-80 ишлаб чиқаришни қисқартириш режалаштирилгани ҳақида хабар берганди. Бунга параллель равишда юқори октанли бензин маркаларига акциз солиғи ставкаларини камайтириш таклиф қилинган.

Кейинроқ президент 2025 йилдан Аи-80 («Евро-2» стандарти) бензинидан воз кечиш масаласини узил-кесил ҳал қилишни топширган.

Президентнинг сентябрдаги қарорида 2028 йилдан бошлаб экологик тоифаси «Евро-4» стандартидан паст бўлган автомобиль ёқилғисидан фойдаланиш ва сотиш босқичма-босқич чеклаш ҳақида сўз борганди. Хусусан, бунинг учун Аи-80 ишлаб чиқарувчи Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари чуқур модернизация қилинади ҳамда «Евро-2» ва «Евро-3» стандартларидаги ёқилғини импорт қилиш тақиқланади.

«Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати «Газета.uz»га модернизация учун вақт керак бўлишини таъкидлаган. «Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида «Евро-4» ва ундан юқори бензинга ўтиш учун вақт керак. Йил охиригача лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилади ва шундан сўнг Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Лойиҳани тўлиқ якунлаш учун 30−32 ой вақт кетади», — дейилади компания хабарида.