Ўзбекистонда 1 майдан аҳоли, айниқса, ёш авлод вакилларининг санитария-гигиена воситаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган «Тоза қўллар» дастурини амалга ошириш бошланади. Бу президентнинг 30 январдаги фармони билан тасдиқланган, «Ўзбекистон-2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва «яшил иқтисодиёт» йили (2025)да амалга оширишга оид давлат дастурида кўзда тутилган.
«Тоза қўллар» дастури барча соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида қўл ювиш жойларини зарур санитария-гигиена воситалари билан таъминлаши керак.
Бундан ташқари, санитария-гигиена хоналари (ҳожатхоналар, душ ва бошқалар)нинг техник ҳолатини яхшилаш чоралари кўрилиши, барча қурилаётган янги муассасаларда эса улар биноларнинг ички қисмида жойлаштирилиши керак.
Ушбу муассасалар йил давомида биринчи навбатда қўл ювиш ва антисептик воситаларни харид қилишни назарда тутишни режалаштиришлари керак.
Шунингдек, май ойидан бошлаб барча турдаги жамоат санитария-гигиена шохобчалари ва умумий овқатланиш ташкилотларини санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш бўйича мажбуриятлар жорий этилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига, зарур ҳолларда, биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг асослантирилган ҳисоб-китоблари асосида йил давомида бюджет ташкилотларига қарорда назарда тутилган тадбирлар учун қўшимча маблағлар ажратиш топширилди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига бир ой муддатда мазкур муассасаларда санитария-гигиена ҳолатини сақлаш учун маблағлар ажратиш нормативларини қайта кўриб чиқиш ва уларнинг амалда бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш топширилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига 1 августга қадар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТнинг халқаро экспертларини жалб қилган ҳолда республиканинг барча ижтимоий соҳа муассасаларида, жумладан, умумий овқатланиш шохобчалари ва вилоятлараро автомобиль йўллари бўйидаги санитария-гигиена шохобчаларида санитария-гигиена тизимини яхшилаш дастурини ишлаб чиқиш ва ҳукуматга киритиш вазифаси қўйилди.
Мактаблар ва бошқа объектларнинг санитария-гигиена ҳолати, шунингдек, жамоат ҳожатхоналари тармоғини яратиш режалари ҳақида қуйида келтирилган мавзуга доир материалларда ўқинг.