Ўзбекистонда 1 июлдан кўп қаватли уйлар массивларидаги тупроқ ва яшил қопламали умумий фойдаланишдаги ҳудудларни ўзбошимчалик билан бетонлаштирганлик, қурилма ва конструкцияларни ўрнатганлик учун жавобгарлик кучайтирилади.

Бу Шавкат Мирзиёевнинг 30 январдаги «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиёт» йили (2025)да амалга оширишга оид Давлат дастурини тасдиқлаган фармонида назарда тутилган.

Қарор «кенг жамоатчилик, халқаро ва маҳаллий экология фаоллари, экология соҳасидаги илмий жамоатчилик таклифлари»ни инобатга олган ҳолда қабул қилинган бўлиб, унумдор тупроқ қатламини сақлаш ва яшил ҳудудларни муҳофаза қилишга қаратилган.

Бундан ташқари, кўп қаватли турар жойларни лойиҳалаш, қуриш ва фойдаланишга қабул қилишда оқова, ёмғир ва техник сувлардан суғоришда фойдаланиш тизимларини ташкил этиш мажбурий бўлади.

Умуман олганда, 2025 йилда «Маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш, кўчаларда яшиллик даражасини ошириш, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳитини шакллантириш» йўналишида қатор чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.

Пиёдалар ва алоҳида велосипед йўлаклари бўйида дарахтлар ва ўсимликларни экиш орқали «Сояли сайр кўчалари» тармоғи яратилиши, соҳил ва дарё бўйларида соғломлаштириш йўлаклари қурилиши, ёмғир ва оқова сувлардан самарали фойдаланиш, маҳаллалардаги дарахтларни замонавий сув тежовчи технологиялар орқали суғориш тизимини жорий этиш натижасида яшиллик даражаси оширилиши шулар жумласидан.