8 февраль куни ҲАМАС гуруҳи Қизил Хоч ходимларига гаровга олинган уч нафар исроилликни топширди, деб ёзмоқда Times of Israel.
Озодликка чиқарилганлар номи ҳам келтирилди, улар: 53 ёшли Эли Шараби, Оҳад Бен-Ами (56) ва Ор Леви (34).
Қўйиб юборилганлар эвазига Исроил 183 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилди, улардан 18 нафари умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Камида 7 нафар озод қилинган фаластинлик соғлиғининг ёмонлиги туфайли озод этилганидан сўнг дарҳол касалхоналарга ётқизилди, деб ёзади Al Jazeera.
Бу 19 январда кучга кирган сулҳ бошланганидан бери алмашинувнинг бешинчи раунди саналади. Аввалги тўртта ҳаракат давомида ҲАМАС 18 кишини топширган, улар орасида Таиланднинг беш нафар фуқароси ҳам бўлган.
Исроил эса 400 нафар маҳбусни озод қилди — улар орасида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган жиноятчилар ҳам, узоқ вақт давомида судсиз равишда қамоқда сақланганлар, жумладан, вояга етмаганлар ҳам бор.
- Исроил ва ҲАМАС Қатар, АҚШ ва Миср воситачилигида 17 январь куни ярашув ва гаровга олинганларни озод қилиш тўғрисида битим тузганди. Битим уч босқични ўз ичига олади, уларнинг биринчиси 42 кун давом этади. Бу даврда ҲАМАС барча аёллар (аскарлар ва фуқаролар), болалар ва 50 ёшдан ошган эркакларни ўз ичига олган 33 нафар гаровга олинганларни озод қилади. Бунинг эвазига Исроил юзлаб фаластинлик маҳбусларни қамоқдан чиқаради ва ўз қўшинларини олиб чиқади.