Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси мамлакатда ноқонуний бўлиб турган ўзбекистонликларни ҳуқуқий ҳолатини зудлик билан ҳал этиш чораларини кўриш борасида огоҳлантирди.

Россия президенти фармонига мувофиқ, 2025 йилнинг 5 февралидан бошлаб мамлакат ҳудудида Ички ишлар вазирлиги томонидан юритиладиган Назорат қилинадиган шахслар реестри фаолият кўрсатишни бошлади.

Мазкур реестрга миграция қонунчилиги соҳасида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган чет эл фуқаролари киритилади.

Ушбу меъёрий ҳужжатга кўра, реестрга киритилган чет элликлар Россиядан чиқиб кетишлари ёки 2025 йил 1 январдан 30 апрелгача бўлган даврда ўзларининг ҳуқуқий мақомларини ҳал қилиш учун ўзлари истиқомат қилиб турган жойдаги Россия ИИВнг ҳудудий органига ёки «ПВС» (паспортно-визовый сервис) федерал давлат унитар корхонасининг филиалига мурожаат қилишлари шарт.

Шунингдек, Москва шаҳрида жойлашган чет элликлар учун «Сахарово» кўп функцияли миграция марказига мурожаат қилишлари талаб этилади.

Россия томони амнистия даврида ушбу фармонга биноан чет эл фуқароларига нисбатан мамлакатдан чиқариб юбориш, махсус сақлаш муассасаларга жойлаштириш ва кейинчалик унинг ҳудудига киришни чеклаш билан боғлиқ чоралар қўлланилмаслигини таъкидламоқда", дейилади элчихона хабарида.

Назорат қилинадиган шахслар реестрига киритилган чет эл фуқароларига қуйидагилар тақиқланади:

  • кўчмас мулк ва транспорт воситаларини сотиб олиш ва рўйхатдан ўтказиш;
  • никоҳ тузиш;
  • юридик ташкилот ёки фирмаларни ташкил этиш ва якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш;
  • банк ҳисоб рақамларини очиш ва банк операцияларини бажариш;
  • транспорт воситаларини бошқариш.

Шу билан бирга, мамлакат ҳудудида ноқонуний юрган вояга етмаган чет эл фуқароларни таълим муассасаларига (мактаблар ва болалар боғчалари) қабул қилиш ҳам мумкин бўлмайди.

Фуқаролар ўзларининг ҳуқуқий мақомини Россия ИИВнинг расмий веб-сайтида текшириши мумкин.