Наманган вилояти Уйчи туманида маст ҳолда машина бошқариб уч кишининг ўлимига сабаб бўлган йигитга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда MY5 телеканалида хабар берилди.
Қайд этилишича, 19 ёшли йигит 2024 йил 29 октябрь куни дўстлари билан тунги клубда спиртли ичимлик истеъмол қилган. Сўнгра ўзига тегишли бўлмаган Captiva`ни ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаса-да соатига 100 км тезликда бошқарган.
Учқўрғон-Уйчи-Наманган йўлида у Cobalt билан тўқнашган. Оқибатда Cobalt ичида бўлган уч нафар шахс воқеа жойида вафот этган.
Жиноят ишлари бўйича Уйчи туман судида ўтказилган суд мажлисида йигит Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлиши) билан айбдор деб топилди.
Суд унга 6 йилга озодлиқдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Айбланувчи жазони манзил-колонияда ўтайди ва 3 йил муддатга барча турдаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
Жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ҳам ундириш белгиланди.