Ўзбекистонда муқобил қурилиш материалларидан фойдаланишни рағбатлантириш учун янги чора-тадбирлар жорий этилмоқда. Бу президентнинг 2025 йилга мўлжалланган давлат дастурини амалга ошириш тўғрисидаги фармонида назарда тутилган.
2025 йил 1 августдан пишиқ ғишт ишлаб чиқаришдан деворбоп материаллар (пеноблок, газоблок) ишлаб чиқаришга ўтган қурилиш ташкилотлари «Шаффоф қурилиш» платформасида устуворликка эга бўлади. Ушбу платформа давлат харидлари, қурилиш соҳасидаги давлат хизматлари ва қурувчиларнинг электрон рейтингини ўз ичига олади.
Жорий йилда ғишт-черепица хомашёси ишлаб чиқарувчилар учун тупроқ қаъридан фойдаланганлик солиғи 5 фоиз, бироқ 1 куб метр учун камида 4620 сўм миқдорида белгиланган.
2026 йил 1 январдан бошлаб пишиқ ва хом ғишт ишлаб чиқаришда тупроқ қаъридан фойдаланганлик солиғи 2025 йил учун белгиланган ставкадан 2 бараварга оширилади. Кейинчалик, 2027 йилдан бошлаб солиқ ставкалари босқичма-босқич кўтарилиб боради. Дастлаб, фармон лойиҳасида уни 10 баробарга ошириш таклиф қилинганди.
2027 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ хўжалиги ерларида, шунингдек, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация, тарихий-маданий аҳамиятга молик ҳудудларда, ўрмон ва сув фондларида жойлашган карерларда қум қазиб олиш тақиқланади. Бу чора-тадбирлар тупроқнинг унумдор қатламини сақлаб қолиш ва табиий ресурсларни муҳофаза қилишга қаратилган.
Бундан ташқари, икки ой ичида мамлакатда энергия тежамкор қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва жорий этиш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Ўтган йилларда Ўзбекистондаги ғишт заводларининг аксарияти газ билан ишлаган. 2023 йилдан бошлаб уларни фаол равишда кўмир ёқилғисига ўтказиш бошланди, ўша йилнинг 1 майидан бошлаб эса янги иссиқхона хўжаликлари ҳамда цемент, ғишт ва оҳак ишлаб чиқарувчиларга газ тармоқларига уланиш учун техник шартлар бериш тақиқланди.