Россия расмийларининг фикрича, Ғарб босими Россиянинг собиқ совет давлатларини ўз орбитасига жалб қилиш ҳаракатларига тўсқинлик қилмоқда, деб ёзади Financial Times Россия ҳукумати ҳисоботига таяниб.
«Ўтган йилнинг апрель ойида бош вазир Михаил Мишустин бошчилигидаги стратегик сессияда намойиш этилган ички ҳисобот Россиянинг Украинадаги уруши унинг энг яқин иттифоқчиларининг баъзилари билан муносабатларига қандай зарар етказганини кўриш учун камдан-кам учрайдиган имкониятни тақдим этди», — дея таъкидлайди FT.
Ҳисоботда айтилишича, Москва жаҳон савдосига киришни тикламоқчи ва Россияни АҚШ, Европа Иттифоқи ва Хитой билан рақобатлашадиган «Евросиё савдо блоки» марказида кўрмоқда. Янги блок РФни глобал жануб мамлакатлари билан ҳам боғлаши керак.
Бироқ лойиҳани амалга ошириш йўлида жиддий тўсиқлар сақланиб қолмоқда, дейилади ҳисоботда. Ҳужжатда, хусусан, Ғарб Марказий Осиё давлатларига санкцияларга риоя қилишга мажбурлаш, уларга Москвани четлаб ўтадиган жаҳон бозорлари, транспорт йўлаклари ва таъминот занжирларига киришни таклиф қилиш орқали муваффақиятли босим ўтказгани айтилади.
Ҳисоботга кўра, Марказий Осиё Россия бизнесини ўз юрисдикциясидан сиқиб чиқариш, импорт ва экспорт оқимларини назорат қилиш ва ишлаб чиқаришни Россиядан кўчириш орқали санкциялардан фойда кўрган.
Ҳисоботда қайд этилишича, Россия Марказий Осиё давлатларини ўз ёнида ушлаб туриш учун «узоқ ўйин ўйнаши» керак бўлади. Улар эса Россиянинг «заифлиги»дан фойдаланиб, Россиясиз Туркий давлатлар ташкилоти каби гуруҳларга бирлашишга интилмоқда.
Бундан ташқари, ҳисоботда таъкидланганидек, Марказий Осиё давлатлари «ўз дунёқарашини ўзгартириб, умумий тарихини қайта кўриб чиқди», рус тили ўрнига инглиз тилини тарғиб қилиб, Ғарб таълим стандартларига ўтди ва ўз элитасини Ғарбга ўқишга юборди.
Ҳисоботда Россиянинг иқтисодий алоқалари ва таъсирини мустаҳкамлаш бўйича энг муваффақиятли мисол сифатида Беларусь кўрсатилган.