Ҳукуматнинг ёш жуфтликларни турмуш қуришга ва фарзанд кўришга рағбатлантиришга қаратилган кўплаб саъй-ҳаракатларига қарамай, 2024 йилда Хитойда никоҳлар бешдан бир қисмга камайди. Бу эса туғилиш даражаси билан боғлиқ муаммоларни янада кучайтирди, деб ёзмоқда Reuters.

Фуқаролик ишлари вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган йили 6,1 миллиондан ортиқ жуфтлик никоҳдан ўтган бўлса, ундан бир йил аввал бу кўрсаткич 7,68 миллион бўлган.

Турмуш қуришга бўлган қизиқишнинг пасайиши узоқ вақтдан бери Хитойда болаларни вояга етказиш ва ўқитишнинг қимматлиги билан боғлиқ, деб таъкидлайди нашр. Бундан ташқари, сўнгги бир неча йил ичида иқтисодий ўсишнинг пасайиши университет битирувчиларининг иш топишини қийинлаштирди ва ҳатто ишлилар ҳам ўзларининг узоқ муддатли истиқболларига ишончсизлик ҳис қила бошлади.

Шундай бўлса-да, Хитой ҳукумати учун турмуш қуриш ва фарзанд кўришга қизиқишни ошириш долзарб масала ҳисобланади.

Хитой дунёда аҳолиси сони бўйича иккинчи ўринда туради — 1,4 миллиард киши, аммо аҳоли тез қаримоқда.
Хитойнинг 1980−2015 йиллардаги бир болалилик сиёсати ва жадал урбанизация туфайли туғилиш даражаси ўнлаб йиллар давомида пасайиб борган. Яқин ўнйилликда тахминан 300 миллион хитойлик — АҚШ аҳолисининг деярли барчасига тенг — нафақага чиқиши кутилмоқда.

Ўтган йили ҳукумат томонидан муаммони ҳал қилиш учун кўрилган чора-тадбирлар Хитой коллежлари ва университетларини никоҳ, севги, серфарзандлик ва оилага ижобий қарашларни таъкидлаш учун «севги таълими» беришга ундашни ўз ичига олди.

Ўтган йили пандемия туфайли танаффусдан сўнг ва 2024 йил Хитойнинг аждар йили бўлгани сабабли туғилишлар сони бироз кўтарилди — шундай йилда туғилган болалар кўпроқ обрў қозониши ва катта бахт-саодатга эришиши мумкин деб ҳисобланади.

Аммо туғилиш кўпайган бўлса-да, мамлакат аҳолиси кетма-кет учинчи йил камайиб бормоқда. Маълумотлар, шунингдек, ўтган йили 2,6 миллиондан ортиқ жуфтлик ажрашиш учун ариза берганини кўрсатди, бу 2023 йилга нисбатан 1,1 фоизга кўпдир.