7 февраль куни «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини мониторингдан ўтказиш услубиёти» Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Услубиёт норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини мониторингдан ўтказиш жараёнларини услубий жиҳатдан тартибга солинишини белгилайди.

Тадбиркорлик фаолиятига, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига ҳамда атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи қонун ҳужжатларининг ижроси улар кучга киргандан сўнг 5 йил давомида, қонуности ҳужжатларининг ижроси эса улар кучга киргандан сўнг 3 йил давомида мажбурий равишда ҳар йили мониторингдан ўтказилади.

Мониторинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатда унинг мониторинги ўтказилишига бевосита масъул этиб белгиланган давлат органи томонидан, масъул орган белгиланмаган ҳолларда тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширувчи вазирлик ва идоралар томонидан амалга оширилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш мақсадларига эришилишини таҳлил қилиш, унинг ижроси ва натижаларини мунтазам ҳамда тизимли равишда кузатиб бориш мониторинг қилишнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар самарадорлигини баҳолаш учун индикаторлар қуйидаги тоифаларга бўлинади:

  • ресурс кўрсаткичлари;
  • амалиёт кўрсаткичлари;
  • натижадорлик кўрсаткичлари.

Вазирлик ва идоралар ҳар йили 1 февралгача ўтказилган мониторинг натижалари тўғрисидаги маълумотларни мажбурий равишда ўзларининг расмий веб-сайтида эълон қилади ҳамда тегишлилигига қараб «Ijro.gov.uz» ва Адлия вазирлигига тақдим этади.