Сурхондарё вилоятидаги «Айритом» чегара божхона постида юк автомобилидаги супургилар дастагига 612 кг «гашиш» гиёҳвандлик воситаси яширилгани аниқланди, дея хабар бермоқда Божхона қўмитаси.
9 февраль куни Божхона қўмитаси ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ходимлари пост орқали Ўзбекистон ҳудудидан транзит тарзида ўтиш учун кириб келган юк машинасини белгиланган технологик схема асосида божхона ва чегара назоратидан ўтказган.
Жараёнида мазкур автотранспорт воситасига ортилган 13,5 тонна оғирликдаги супурги ходимларнинг диққатини тортган. Шундан сўнг машина постга туташ ҳудуддаги «Термиз» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости тасарруфидаги божхона омборига келтирилган ва ундаги товарлар тўлиқ божхона кўригидан ўтказилган.
Текширув давомида юк машинасига 180 та қопда супурги жўхориси ўсимлигидан тайёрланган 22 минг 500 дона хўжалик супургиси ортилган. Улар синчиклаб кўздан кечирилганда 2986 дона супургининг дастаги орасига супурги рангига мос — сариқ рангдаги скотч билан ўралган ўртача 25 см узунликдаги полиэтилен ўрамлар топилган.
Мазкур ўрамларнинг ичида ўртача 200 гр оғирликдаги, ўткир ҳидли, тўқ жигаррангли гиёҳвандлик воситаси бўлган. Дастлабки тезкор анализ натижаларига кўра, у «гашиш» гиёҳвандлик воситаси бўлиб, умумий оғирлиги 612 килограммни ташкил қилмоқда.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур гиёҳвандлик воситасининг қора бозорлардаги нархи тахминан 16,5 млн доллардан ошади.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.