Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида янги экологик хавфли корхоналарни ишга тушириш тўхтатилади. Бу президентнинг давлат дастурини 2025 йилда амалга ошириш тўғрисидаги фармонида назарда тутилган.

Ҳужжатга кўра, 1 майдан бошлаб қуйидагилар тақиқланади:

  • асбест, цемент ишлаб чиқариш, шлам ва шлаклар;
  • тери-кўнчилик, паррандачилик фабрикалари;
  • самарадорлиги юқори бўлган чанг-газ тозалаш иншоотлари билан жиҳозланмаган ҳар қандай турдаги кўмир ёқиш;
  • қора ва рангли металлургия заводлари, таркибида заҳарли аралашмалар бўлган ойна, заҳарли кимёвий моддалар билан ишлаш;
  • хавфлилик даражасининг I ва II синфига мансуб чиқиндиларни
    қайта ишлаш ва ёқиш корхоналари.

Бундан ташқари, 1 октябрга қадар кўрсатилган ва энергия сарфи юқори бўлган йўналишлардаги мавжуд қувватларни модернизация қилган ҳолда Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларидан босқичма-босқич кўчириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш кўзда тутилган.

2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида 1 майдан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида атмосферага зарар етказувчи янги лойиҳалар бўйича экологик экспертиза хулосаларини бермаслик кўзда тутилган.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг маълум қилишича, Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида атроф-муҳитга юқори даражада таъсир кўрсатадиган янги лойиҳаларни амалга оширишнинг тақиқланиши, шунингдек, мавжуд 168 та саноат корхонасининг босқичма-босқич кўчирилиши ҳудудларнинг экологик барқарорлигини таъминлайди.

Саноат корхоналари жойлашган ҳудудларда янги иш ўринлари ва инфратузилма объектлари (йўллар, электр энергияси, газ ва сув таъминоти) яратилади. Юқори самарали чанг ва газ тозалаш қурилмалари билан жиҳозланмаган корхоналар фаолиятини тақиқлаш атмосферага чиқинди газлар миқдорини камайтиради.

Шу билан бирга, энергия манбаи сифатида кўмирдан фойдаланадиган барча корхоналарда чанг ва газдан тозалаш тизимлари ўрнатилади, саноат чиқиндиларини қайта ишлаш ва улардан қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда фойдаланиш дастурлари тузилади, паррандачилик корхоналари учун биоэнергетика технологиялари ва кўнчилик корхоналари учун оқава сувларни тозалаш тизимлари жорий этилади, дейилади хабарда.

Халқаро тажриба

Экология вазирлиги бу борадаги халқаро тажрибага тўхталди. Хавфли чиқиндиларни чегаралараро ташиш ва йўқ қилиб юбориш устидан назорат қилиш тўғрисидаги Базель конвенциясида асбест чиқиндиларини (чанги ва толаси) хавфли чиқиндилар сифатида таснифланади. Конвенция Ўзбекистонда 1996 йилда қабул қилинган. Германияда эса Рур региони трансформацияси тажрибаси асосида углерод ёқилғисида фаолият юритувчи корхоналар аҳоли зич жойлашган ҳудудлардан саноат ҳудудларига кўчирилган. Натижада ҳаво ифлосланиши 60 фоизга камайган.

Шу билан бирга, Хитойда 1990 — 2000 йилларда Пекин, Шанхай ва Гуанчжоу шаҳарларидаги металлургия ва кимё корхоналари таъсирида ҳаво ва сувнинг ифлосланиш даражаси кескин ортгани боис 2010 йилдан бошлаб ишлаб чиқаришларни мегаполислардан ташқарига кўчириш амалиёти бошланган. Унга асосан, Пекиндаги Shougang Group металлургия корхонаси шаҳардан 100 км узоқдаги Хэбэй вилоятига кўчирилган. Бундан ташқари, Олмаота, Жакарта каби шаҳарларда атроф-муҳит ҳолатини яхшилашда ушбу механизмлардан фойдаланилган.

Экология вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда шаҳарларда саноат корхоналари углеводород ёқилғиларини ёқишдан ташқари, экологик хавфли маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали ҳам атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда. Масалан, 2023 йилда ифлослантирилиш даражаси бўйича ташламаларнинг умумий миқдори 1,8 млн тоннани ташкил қилиб, шундан 1,0 млн тоннаси (57 фоиз) транспорт воситалари ҳамда 800,0 минг тоннаси (43 фоиз) саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари ҳиссасига тўғри келган.

Республикада 2023 йилда 7036 та ишлаб чиқариш корхонасида 125,6 млн тонна саноат чиқиндилари ҳосил бўлган.

Бундан ташқари, иқтисодиёт тармоқларида кўмирдан ва куз-қиш мавсумида аҳолига марказлашган иссиқлик етказиб беришда мазутдан фойдаланиш ҳажми ошган. 2019 йилда 3,9 млн тонна кўмир ёқилғисидан фойдаланилган бўлса, 2023 йилда 11 млн тоннага етган. Сўнгги 2 йил мобайнида мазутдан фойдаланиш деярли 5 баробар ортган. Оқибатда аҳоли ўртасида турли хил сурункали касалликлар, жумладан, астма, аллергия, ўпка бронхити ва бошқа касалликлар келиб чиқмоқда, дейилади вазирлик хабарида.

Ўтган йилнинг март ойида президент билан бўлиб ўтган йиғилишда саноат корхоналарини босқичма-босқич пойтахтдан ташқарига кўчириш режалари эълон қилинган эди, бу Тошкент вилояти учун катта имконият экани таъкидланган.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Тошкентда PM2,5 майда заррали чанглар таъсири оқибатида йилига 3042 киши бевақт вафот этмоқда. Аҳоли саломатлигига етказилаётган зарар 488,4 млн долларга баҳоланмоқда. Пойтахт аҳолисининг 83 фоизи ҳавоси юқори даражада ифлосланган ҳудудларда истиқомат қилади.