2025 йил январь ойида Ўзбекистонда инфляция даражаси 0,72 фоизни ташкил этди, дея хабар берди президент ҳузуридаги Статистика агентлиги.

Бу 2024 йил январь ойидаги кўрсаткичдан (0,64 фоиз) юқори, лекин 2023 йил январь ойидаги инфляция даражасидан (0,82 фоиз) паст.

Йиллик инфляция (ўтган йилнинг январига нисбатан) 9,89 фоизгача тезлашди (декабрда 9,8 фоиз эди).

Йилнинг биринчи ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 0,8 фоизга (сўнгги бир йил давомида 2,6 фоизга), ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 0,3 фоизга (7,7 фоиз), пуллик хизматлар нархи 1,1 фоизга (27 фоиз) ошди.

Январь ойида нарх ўсиши асосан қуйидаги истеъмол маҳсулотларида кузатилди: суякли мол гўшти — 1,1 фоиз (сўнгги бир йилда 14,8 фоиз), қўй гўшти — 1,2 фоиз (16,2 фоиз), кунгабоқар ёғи — 2,2 фоиз (18,1 фоиз), пахта ёғи — 1,9 фоиз (19,5 фоиз), сут — 0,3 фоиз (0,8 фоиз).

Охирги бир ойда тухум нархи кескин — 14,3 фоизга (-22,4 фоизга) пасайди, гуруч ва гуруч оқшоғи — 1 фоизга (-6,9 фоиз), товуқ гўшти — 0,1 фоизга (-2,1 фоиз), шакар — 0,7 фоизга (-4,1 фоиз) арзонлади.

Картошка нархи 23,9 фоизга (картошка нархининг ошиши сабаблари ҳақида аввалроқ хабар берилганди), пиёзники 3,4 фоизга, сабзиники 2,9 фоизга, бақлажонники 59,6 фоизга, булғор қалампириники 13,2 фоизга, лимонники 7,9 фоизга, карамники 6,9 фоизга, бананники 6,5 фоизга ошди.

Помидор (-1,1 фоиз) ва бодринг (-1,7 фоиз) арзонлади.

Инфографика: Статистика агентлигиИнфографика: Статистика агентлиги

Сўнгги 12 ой давомида картошка 68,1 фоизга, сабзи 24,1 фоизга, карам 13,1 фоизга, пиёз 1,9 фоизга қимматлаган. Шу вақт ичида бодринг нархи 21,7 фоизга, помидор 36,9 фоизга, олма 14,4 фоизга арзонлаган.

Январь ойида алкоголли ичимликлар 0,4 фоизга (йил давомида 10 фоизга), тамаки маҳсулотлари 0,7 фоизга (11,8 фоиз) қимматлади.

Январь ойида тарифларнинг ошиши коммунал хизматларнинг асосий турларидан фақат чиқиндиларни олиб кетиш хизматларида (4,6 фоиз) қайд этилди. Турар жойларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун материаллар, шунингдек, таъмирлаш бўйича хизматлар нархида бироз ўсиш кузатилди (0,1−0,3 фоиз).

Энг юқори йиллик инфляция газ (2,3 баравар ўсиш) ва электр энергияси (1,7 баравар ўсиш) билан таъминлаш хизматларида бўлиб қолмоқда.

Дори-дармонлар нархи январь ойида яна 0,7 фоизга, йил давомида эса 25,2 фоизга, жумладан антибиотиклар нархи 28 фоизга ошган. Стационар даволаниш хизматлари йиллик ҳисобда 13,5 фоизга қимматлади.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, ўтган ойда автомобиллар учун ёқилғи сифатида фойдаланиладиган газ нархида пасайиш кузатилган. Пропан нархи 13,2 фоизга пасайган (йиллик ҳисобда 8,3 фоизга ошган). Метан нархи эса 0,1 фоизга арзонлаган (йил давомида 20,9 фоизга ошган).

Бензин нархи бир ой ичида 1,5 фоизга (йиллик ҳисобда 3,9 фоизга) ошди.

Йиллик ҳисобда поездлар учун чипта нархи ўртача 13,2 фоизга (январда — 0,9 фоизга), таксиларда йўлкира нархи 12,1 фоизга ошган, авиачипталар эса 0,8 фоизга арзонлаган.

Январь ойида газета ва даврий журналлар нархи ўртача 15,3 фоизга ошди. Кинотеатр хизматлари нархлари 3,7 фоизга (йил давомида 20,5 фоизга), театр хизматлари нархлари 3 фоизга (йиллик ҳисобда 12,6 фоизга) ошди. Маданият ва истироҳат боғлари хизматлари йил давомида 22,4 фоизга қимматлади.

Давлат боғчалари хизматлари нархи бир ой давомида 21 фоизга (йил давомида 45,2 фоиз), хусусий боғча хизматлари нархи 1,1 фоизга (11,3 фоиз), репетиторлик хизматлари нархи 1 фоизга (16,2 фоиз) ошган.

Январь ойида меҳмонхона хизматлари соҳасида нархларнинг ўсиши 5,7 фоизни ташкил этди. Бироқ йиллик ҳисобда меҳмонхона хизматлари нархи 10,5 фоизга ошган.

Ўтган ойда республиканинг барча ҳудудларидаги дам олиш масканлари хизматлари нархи 4,1−17,5 фоиз оралиғида ошди.

Қимматбаҳо металлардан ясалган никоҳ узуклари яна 3,8 фоизга қимматлади.