Январь ойида аҳолининг келаси 12 ой учун инфляцион кутилмалари декабрга нисбатан ўзгаришсиз — 14,4 фоиз даражасида шаклланди. Бу ҳақда Марказий банк ўтказган сўровнома натижаларида айтилади.
Инфографика: Марказий банк
14,4 фоизлик инфляцион кутилма 2023 йилнинг август ойидан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан пасайиб (-1 фоиз), 12,9 фоизни ташкил этди.
Январь ойида сўровнома иштирокчиларининг 57 фоизи (ўтган ойга нисбатан +1 фоиз) келгусида нархларга оширувчи босим кўрсатиши мумкин бўлган асосий омил сифатида коммунал хизматлар нархининг ўсишини қайд этди. Ўтган ойда аҳолини энг кўп ташвишлантираётган омил ёқилғи ва энергия нархларининг қимматлашиши бўлиб турганди. Декабрда сўровнома иштирокчиларининг 57 фоизи шу омилни биринчи ўринда кўрсатган бўлса, январда бундай иштирокчилар улуши 50 фоизгача пасайган (-7 фоиз).
Шунингдек, ой давомида валюта курси ўзгариши нархларга оширувчи таъсир ўтказишини қайд этган респондентлар улуши ҳам сезиларли камайган (-9 фоиз). Транспорт харажатларининг ошиши ва нархларнинг сунъий оширилишини қайд этган респондентлар улушида ҳам камайиш қайд этилган.
Бизнеснинг кутилмаларида ҳам коммунал хизматлар нархининг ошиши асосий омил бўлиб турибди. Бу омилни биринчи ўринда қайд этган сўровнома иштирокчилари улуши ўтган ойга нисбатан кўпайди (декабрда 52 фоиз, январда 54 фоиз).
Аҳоли орасида нархлар ошиши бўйича энг пессимистик кутилмалар савдо соҳаси вакилларида бўлиб турибди — улар инфляция келгуси бир йилда 15,5 фоиз даражасида бўлиши прогноз қилмоқда. Энг оптимистик кутилмалар эса қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларида — 13,1 фоиз.
Тадбиркорлар ичида юқори инфляцион кутилмалар таълим соҳаси вакиллари томонидан қайд этилган бўлса (14,8 фоиз), нисбатан паст кутилмалар ахборот технологиялари ва оммавий ахборот воситалари билан боғлиқ тадбиркорлар томонидан белгиланган (11,2 фоиз).
Аҳолининг инфляцион кутилмалари Тошкент вилоятида нисбатан юқори (15,7 фоиз), Жиззах вилоятида нисбатан паст бўлиб турибди (12,5 фоиз).
Тадбиркорлик субъектларининг юқори инфляцион кутилмалари Тошкент шаҳрида (16,2 фоиз) кузатилган бўлса, нисбатан паст кутилмалар Сурхондарё вилоятида қайд этилди (10,8 фоиз).
Даромадлари 5 млн сўмдан юқори бўлган аҳолининг инфляцион кутилмалари нисбатан юқори даражада шаклланди.