Бухоро вилояти Ромитан туманининг Қоқиштувон маҳалласида яшовчи фуқаро ўз хонадонида ёввойи шер боласини ноқонуний равишда сақлаб келаётгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.

Бухоро вилояти Экология бошқармаси, туман ички ишлар бўлими ва Миллий гвардия ходимлари томонидан ўтказилган текширувда фуқаро тегишли рухсатномасиз ёввойи ҳайвонни сақлаётгани тасдиқланди.

Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 92−1-моддаси 1-қисми (Сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларни сақлаш) асосида ҳуқуқбузарга маъмурий баённома расмийлаштирилиб, иш судга оширилди. Шер боласи вақтинчалик ҳайвонот боғига жойлаштирилди. Суд қароридан сўнг қўшимча маълумот берилиши кутилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 5 ноябрдаги қарорига кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб айрим ёввойи ҳайвонларни жисмоний шахслар томонидан ярим эркин шароитда ёки тутқунликда сақлаш тақиқланади. Шу билан бирга, ёввойи ҳайвонлардан давлат ва кўчма циркларда томоша учун фойдаланиш ҳам ман этилади.

Фақатгина Экология вазирлигининг тегишли рухсатномасига эга юридик шахслар ҳайвонларни ҳайвонот боғлари, питомниклар ва шунга ўхшаш муассасаларда сақлаши мумкин. Қизил китобга киритилган ёввойи ҳайвонлар эса махсус питомникларда боқилиши лозим.