Жорий ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистон ҳудуди нам ва нисбатан совуқ ҳаво массаси таъсирида бўлади, дея хабар берди Ўзгидромет. Республика бўйича вақти-вақти билан асосан қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда.

13 февралда марказий ва шарқий вилоятларда айрим жойларда, шунингдек, Ўзбекистоннинг чўл ҳудудларида ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.

14 февралда республиканинг кўпчилик вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди, фақат энг чекка жанубда баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин, тоғолди ва тоғли ҳудудларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.

Ҳаво ҳарорати 10−11 февралда кундузи 0…+5 даража, кечаси 0…-5 даража, шимолда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда −6…−8 даражагача бўлади.

12 февралдан ҳароратнинг аста-секин кўтарилиши бошланади ва 13−14 февралга келиб ҳаво кундузи +8…+11, жанубда +12…+14 даражагача илийди.

Ғарбий шамол йўналишини ўзгартириб, шарқдан 7−12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 15−20 м/с гача кучайиши мумкин.

Тошкентда душанба куни кечқурун бироз қор ёғиши мумкин. 11−12 февралда вақти-вақти билан асосан қор кўринишидаги ёғингарчилик, 13 февралда ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлади. 14 февраль куни ёғингарчилик кутилмайди.

Ҳаво ҳарорати кечаси −3…+2, кундузи 10−11 февралда 0…+5, 12−14 февралда +8…+10 гача аста-секин кўтарилади.

Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Ғарбий шамол йўналишини ўзгартириб, шарқдан 3−8 м/с тезликда эсади.