Anorbank хусусий рақамли банки Тошкент марказида жойлашган Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва «Ўзтрансгаз» давлат компанияси биноларини жами 439,6 миллиард сўмга (33,97 миллион АҚШ доллари) сотиб олди. Бу маълумот Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилинган муҳим маълумотлардан маълум бўлди.

Банк кузатув кенгаши 2024 йил 26 декабрда Истиқбол кўчаси, 21-уйдаги биноларни сотиб олиш ҳақида қарор қабул қилган. Ушбу манзилда Энергетика вазирлиги жойлашган (Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети ва Hampton by Hilton меҳмонхонаси рўпарасида).

Кўчмас мулк объекти кўп қаватли уйлар ва турар жойларни ижарага бериш ҳамда бошқариш билан шуғулланувчи Neft Gaz Bino Inshoat компаниясига тегишли. Бу «Ўзбекнефтгаз»нинг шўба корхонаси ҳисобланади. Давлат компанияси раҳбарлари ҳозирда Тошкент шаҳридаги Истиқбол кўчаси 16 ва Амир Темур шоҳ кўчаси 64-уйдаги иккита офис биносида, шунингдек, Қаршида фаолият юритмоқда.

«Газета.uz» ўрганган давлат харидлари порталидаги маълумотларга кўра, 2023 йилда Энергетика вазирлиги Neft Gaz Bino Inshoat бинолари ижараси учун ойига 412 млн сўм (йилига 4,94 млрд сўм) тўлаган бўлса, 2024 йилда ижара нархи 32 фоизга ошиб, ойига 544,3 млн сўмни (йилига 6,5 млрд сўм) ташкил этди.

27 январь куни (банк сайтидаги маълумотларга кўра — 27 декабрь) Anorbank ва Neft Gaz Bino Inshoat 254,55 млрд сўмлик (Марказий банк курси бўйича 19,62 млн доллар) олди-сотди шартномасини имзолади. Бу банк соф активларининг 25,77 фоизини ташкил этди. Йирик битим факти 3 февраль куни маълум бўлди.

Anorbank кузатув кенгаши 10 январь куни Энергетика вазирлигига яқин жойлашган Шаҳрисабз кўчаси, 85А-уйда жойлашган «Ўзтрансгаз» биносини сотиб олиш тўғрисидаги қарорни ҳам маъқуллаганди. Шу куни 185,03 млрд сўмлик (Марказий банк курси бўйича 14,28 млн доллар) олди-сотди битими расмийлаштирилди — бу банк соф активларининг 18,11 фоизини ташкил этади. Битим ҳақидаги факт 13 январь куни эълон қилинди.

Бу хабарга биринчи бўлиб молиячи Отабек Бакиров эътибор қаратди. Унинг тахминича, муассаса биноларининг сотилиши Энергетика вазирлигининг қурилаётган «Янги Тошкент»нинг биринчи туманига кўчиб ўтиши билан боғлиқ бўлиб, келажакда барча давлат идоралари у ерга кўчирилиши режалаштирилган.

Декабрь ойи охирида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Энергетика вазирлиги Янги Тошкентга кўчиши ҳақида хабар берган эди. Президент Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни янги шаҳар қурилишининг биринчи босқичи билан танишганди. Ўшанда давлат раҳбарига вазирликлар ишлаши учун енгил конструкцияли вақтинчалик бинолар кўрсатилган. Бу пойтахт кўчаларидаги тирбандликни камайтиришга ёрдам бериши айтилди.

Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги вақтинчалик бинода, 2024 йил 28 декабрь.Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги вақтинчалик бинода, 2024 йил 28 декабрь.

«Президент лойиҳани маъқуллади. Дирекция томонидан Янги Тошкентнинг қоқ марказида замонавий архитектурани мужассам этган вазирлигимизнинг янги биносини қурилади. Нафақат вазирлик, балки вазирлик таркибидаги барча корхоналар ҳам жойлашади. Ҳозирги кунда Тошкентнинг 22 та ерида жойлашиб, ноқулайлик туғдираётган бўлсак, энди бир ерда жойлашамиз. Ишимизнинг барча босқичлари мувофиқлаштирилган ва келишилган бўлиши учун замонавий бино барпо этилади. Вазирликлар, идоралар, хўжалик субъектлар босқичма-босқич кўчиб ўтади, янги бинолар, ходимлар учун турар-жойлар ва инфратузилма қурилади», — деган эди ўшанда вазир.

Бунда давлат мулки объектларини сотишдан олдин ким ошди савдоси ёки танлов ўтказилгани ҳақида маълумот берилмаган. Бакиров банк соҳасидаги манбаларга таяниб, Анорбанк сотиб олинган бинолар ўрнида янги бизнес марказини қуриши мумкинлигини маълум қилди.

Банк ҳозирча битим бўйича шарҳ бермади. Таҳририят «Ўзбекнефтгаз» ва Энергетика вазирлигидан изоҳ ололмади.

1 январь ҳолатига кўра, Анорбанк активлари 10,1 трлн сўмни (мамлакатдаги 36 та банк орасида 18-ўрин), депозитлари 8,74 трлн сўмни (хусусий банклар орасида 7-ўрин), капитали 1,02 трлн сўмни ташкил этди.