Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, фоторассом Абдуғани Жуманинг «Юракка кўмилар асл шоирлар» номли кўргазмаси очилди. Кўргазмада 70 га яқин фотосурат намойишга қўйилган.
Фотокўргазма шоирнинг ўсмирлик ва ёшлик йилларидан ҳикоя қилувчи тарихий фотосуратлардан бошланади — ушбу фотоматериалларни Муҳаммад Юсуфнинг оиласи ва яқинлари тақдим этган.
Залнинг асосий қисмида эса халқ шоирининг фотосуратчи Абдуғани Жума томонидан олинган ижодий фаолияти акс этган суратларни кўриш мумкин. Кўргазма очилишида Ўзбекистон халқ рассоми, Бадиий академия раҳбари Акмал Нур сўзга чиқиб, Муҳаммад Юсуф билан боғлиқ хотиралари билан ўртоқлашди:
«Бир пайтлар Ўзбекистон рассомлар уюшмасининг кўргазма залига борсам, у ерда Муҳаммад акани кўриб қолдим. «Ўзимнинг беш, олтита китобимни шу ерга қўйиб, сотсам, деган ниятда келгандим», деб юрган экан. Мен у даврда уюшма раиси эмасдим, уларга ҳеч қандай ёрдам беролмасдим. Шунчалик Ватанини севган, Ватан учун жонини беришга ҳам тайёр бўлган ижодкорни вақтида қадрламадик.
Минг афсуски, бу ҳозиргача давом этиб келмоқда. Муҳаммад Юсуф вафотидан сўнг унинг хонадони бўлган кўп қаватли уйга хотира лавҳаси ўрнатиш топшириғи берилди. Аммо шоир ҳаётлигида унга қараб ишланган бирор яроқли асарни тополмадик. Яхшиямки, Муҳаммад аканинг ёнларида Абдуғани акадек фотограф юриб, у билан боғлиқ лаҳзаларни ўз вақтида тарихга муҳрлаб қўйишга улгурган экан.
Биз Абдуғани аканинг асарларидан фойдаланган ҳолда, хотира лавҳаси тайёрлагандик. Бугунги кўргазмага қўйилган фотосуратларнинг аксариятини ўзим ҳам биринчи марта кўриб турибман. Бу хизматлари учун Абдуғани акага миннатдорчилик билдирамиз".
Ўзбекистон Бадиий академияси раҳбари Акмал Нур ва фотограф Абдуғани Жума
Маълумот учун, тадбир давомида фотограф Абдуғани Жума Ўзбекистон Бадиий академиясининг олтин медали билан тақдирланди.
Муҳаммад Юсуфнинг рафиқаси Назира ас-Саломнинг сўзларига кўра, шоир суратга тушишни кўп ҳам ёқтирмаган.
Муҳаммад Юсуфнинг рафиқаси Назира Ас-Салом, қизлари ва хонанда Анвар Ғаниев
«Лекин Абдуғани ака билан иккиси ўртасида руҳий яқинлик бўлгани сабаблими, у кишини ижодкор сифатида ҳам, инсон сифатида ҳам ҳурмат қиларди ва суратларини ёқтирарди. Турмуш ўртоғимнинг вафотидан кейин уларнинг адабий меросини тўплаш жараёнида Муҳаммад акани энг кўп суратга олган фотограф Абдуғани ака эканини билиб, ҳайрон қолдим. Кўргазмага қўйилган фотосуратларнинг айримларини аввал ўзим ҳам кўрмагандим, улар мен учун янгилик бўлди, жуда хаяжонландим», — деди Назира ас-Салом.
Фотокўргазма 12 февраль куни ёпилади.