Фарғонанинг бир қанча туман шаҳарларида Қирғизистондан олиб келинган гиёҳванд моддалар айланмасига чек қўйилди, деб хабар берди Telegram`даги «Хавфсизлик» канали.
Жумладан, Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи, 2003 йилда туғилган фуқаронинг ёни ҳамда яшаш хонадонидан жами 2 кило 992 грамм гашиш моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Маълум бўлишича, ушбу шахс Тожикистондан олиб келинган моддани Фарғона вилоятида яшовчи мижозларга сотишни режалаштирган.
Бошқа ҳолатда эса Қўштепа туманида вақтинча яшовчи, 1984 йилда туғилган Тожикистон Республикаси фуқароси Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи 3 нафар муқаддам судланган шериклари билан Тошкент вилоятининг Бўка туманига бориб, йўлнинг қатнов қисми четига тожикистонлик наркосавдогарлар яшириб кетган 1 килограмм 977 грамм гашиш моддасини олиб, ортга қайтаётган вақтларида Наманган вилоятининг Поп туманида қўлга олинди. Маълум бўлишича, улар ушбу заҳри қотилни Фарғона, Марғилон шаҳарлари ҳамда Олтиариқ туманида яшовчи харидорларга сотишни режалаштиришган.
Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи, 2003 йилда туғилган муқаддам судланган шахс ва унинг 2004 йилда туғилган турмуш ўртоғи ушланиб, улардан 1 кило 924 грамм гашиш моддаси ашёвий далил сифатида олинди. Аниқланишича, ушбу модда ҳам Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган.
Қўқон шаҳрида қайд этилган яна бир ҳолатда 1988 йилда туғилган муқаддам бир неча маротаба судланган шахсга тегишли Комби русумли автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида Қирғизистондан келтирилган 966 грамм гашиш ҳамда 976 грамм опий моддалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.